Ferrari компаниясининг эксклюзив суперкарлар ишлаб чиқариш бўлими 2021 йилга қадар буюртмалар олди. Бу ҳақда итальян маркасининг тижорий директори Энрико Галльера Autocar нашри билан интервьюси пайтида айтиб ўтган.

Айни вақтда One-Off дастурига мувофиқ бир йилда уч донадан ортиқ автомобиль чиқарилмаяпти. Ушбу дастур моҳияти Ferrari спорткарларини мижоз талабига биноан бир дона чиқаришдан иборат. Буюртмалар кўп бўлишига қарамай компания ушбу принципини ўзгартиришни режалаштирмаяпти. Шу сабаб ҳар бир машинани ясашга 18 ойдан 24 ойгача вақт кетади.

Галльеранинг сўзларига кўра, агар мижозлар талаби компания сиёсатига тўғри келмаса, Ferrari ўша мижознинг буюртмасини қабул қилмайди. Масалан, ишлаб чиқарувчи автомобилни ҳеч қачон атиргул рангига бўямайди.

Ferrari 458 MM Speciale

“Лойиҳа бренд ғояси билан уйғун бўлиши лозим. Кимдир атиргул рангли Ferrari қилиб беришларини сўраса, биз унга рад жавобини берамиз. Агар кимдир GTC4 Lusso хардкор пойга автомобилини истаса, биз уни ҳам инкор этамиз. Хуллас, ҳар қанча пул таклиф қилишмасин, агар буюртма бизнинг сиёсатимизга тўғри келмаса, жавобимиз “йўқ” бўлади”, — деди топ-менежер.