Полиция АҚШнинг Флорида штати, Форт Майерс шаҳридаги Club Blu тунги клубидаги отишма билан боғлиқ равишда 3 нафар гумонланувчини қўлга олди. Отишмада 2 нафар одам ҳалок бўлган, яна 17 киши яраланган. Воқеа тафсилотлари аниқлаштирилмоқда. Шаҳар полицияси бошлиғи Деннис Идснинг айтишича, бўлиб ўтган воқеа теракт бўлмаган.

Клубда ўсмирлар учун кеча ўтаётганда номаълум кимса бинога кириб, одамларни ўққа тутган. 

ОАВ маълумотларига кўра, клуб яқинида  яшовчи аёлнинг маълум қилишича, у 30 га яқин ўқ овозини эшитган. 

NBC-2 телеканали маълум қилишича, отишма клуб ёнидаги автотураргоҳда бошланган. Воқеа ҳақидаги хабар полицияга маҳаллий вақт билан соат 01.00 да келиб тушган.   

Wink News телеканали маълумотларига кўра, барча жароҳатланганлар турли оғирликдаги жароҳатлар билан шифохоналарга етказилганлар. Баъзилар шифохоналарга тез ёрдам машиналарида етказилганлар, баъзилар эса мустақил равишда ўзлари етиб олганлар.   

Бундан ташқари, полиция маълумотларига кўра, клуб яқинида яна битта отишма юз берган ва клубдаги отишма билан боғлиқ бўлиши мумкин. Номаълум кимса Парквей кўчасидаги уй ва автомобилларга ўқ узган. Оқибатда бир киши кичик жароҳатлар олган. Ҳужумда гумон қилиниб 3 киши ҳибсга олинди.   

Воқеа сабабли Флорида штати губернатори Рик Скотт 25 июлга белгиланган барча тадбирларни бекор қилиб, Форт Майерс шаҳрига жўнаган.