Давлат думаси муҳокамасига хорижий фуқароларнинг Россия Федерациясига кириш ва чиқиш тартибини такомиллаштирувчи қонун лойиҳаси киритилди, деб хабар қилмоқда мамлакат ҳукумати расмий сайти. Ҳужжат лойиҳаси 1996 йилда қабул қилинган қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни кўзда тутиб, у Россия ИИВ томонидан ишлаб чиқилган. 

«Қонун лойиҳасига кўра, Россияга кириш ёки мамлакатда бўлиб туриш (истиқомат қилиш) қоидасини федерал аҳамиятга эга шаҳарлар Москва ва Санкт-Петербург, Москва ва Ленинград вилоятларида бузган хорижий фуқаро ёки фуқаролиги бўлмаган шахсни Россиядан чиқариб юбориш каби қўшимча маъмурий жазо тайинлашни суд томонидан рад этилиши имкониятини қайта кўриб чиқиш кўзда тутилган», — дейилади хабарда.

Бундан ташқари, айни маъмурий қоидабузарликни бир йил ичида такроран содир этган хорижий мамлакатлар фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахсларга нисбатан Россиядан чиқариб юбориш маъмурий жазосини мажбурий тайинлаш тўғрисидаги қўшимча ҳам киритилиши мумкин.