Ироқнинг мамлакатда ИШИД жангарилари фаоллашгандан кейин кўрган зарари 23 млрд долларга етди. Бу ҳақда Ироқ қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги маслаҳатчиси Иброҳим аш-Шук маълум қилди.  

Унинг айтишича, "ИШИД Ироқда катта миқёсдаги жанговор ҳаракатларни бошлаган  2014 йилдан бери кўрилган зарар 23 млрд долларни ташкил қилмоқда". Аш-Шукнинг таъкидлашича, жангарилар ўзи назорат қиладиган ҳудудларни чўлу-биёбонларга айлантирмоқда, жамоатчилик ва хусусий биноларини вайрон қилмоқда, маданият ёдгорликларини тунамоқда ва археологик мажмуаларга тегишли ноёб асори-атиқаларни мамлакат ташқарисига сотмоқда.  

Аш-Шукнинг айтишича, ИШИДнинг ҳаракатлари туфайли Ироқда ички кўчирилган одамлар сони мунтазам кўпаймоқда, ҳозирда уларнинг сони 3,6 млн дан кўпроқни ташкил қилмоқда. Аш-Шук жангарилар қўлида ҳанузгача 3,2 минг нафар курд-езид асирда қолаётганини айтди. Уларнинг аксариятини аёллар ва болалар ташкил қилади.