Бу икки энг машҳур мобиль тизимлар орасида рақобат асоссиз, сабаби уларнинг ҳар бири ўз камчилик ва афзалликларига эга. Энг яхши вариант эса бу бир қурилмада икки тизимдан фойдаланишнинг имкони бўлишидир. Айнан шундай имкониятни Haimawan компаниясининг янги ишланмаси яратиб беради.

Яқинда ихтирочи-ижодкор Ник Ли (Nick Lee) iPhone'да  Android операцион тизимини ишга туширишга ёрдам берувчи қурилма ўйлаб топгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Бу фақатгина ижодкорлик тадқиқоти учун амалга оширилган эди. Дастурчи ҳеч қандай амалий тажрибани мақсад қилмаган. 

Хитойнинг Haimawan компанияси эса бу янгиликка жиддий эътибор қаратди ва бир неча вақт ўтгач, ўзининг шахсий  iPhone учун Android-футляр талқинини тақдим этди. Компания бу лойиҳани нафақат тақдим этди, балки ишлаб чиқаришга ҳам киришиб кетди.

MESUIT деб номланувчи янги қурилма iPhone 6 ёки 6s учун махсус кейсни ўз ичига олади. Унда монтаж платаси, 2 500 мА·ч батарея, 16 ГБ қўшимча хотира ва nano-SIM форматидаги карточкалар учун жой мавжуд. Бу эса  Android'да алоқалар амалга ошириш учун фойдаланишга ёрдам беради.

Haimawan компанияси iPhone 6 ва 6s учун MESUIT'ни ўзининг расмий сайтида  999 юан (150 доллар атрофида)га сотиб олишни таклиф қилмоқда. Шунингдек, iPhone 6 Plus ва 6s Plus учун мўлжалланган талқин ҳам мавжуд бўлиб, унинг нархи бироз қимматроқ туради. Мазкур қурилма Хитойдан ташқарида қачон сотувга чиқиши номаълум, Haimawan бу ишни тезроқ амалга оширишини маълум қилган.