Андижонлик қўли енгил врач Сойибжон ака билан яқинлигимиз бор. У билан кўп суҳбатлашиб турамиз. Мен бу инсонни атрофдаги оддий воқеаларга нисбатан синчков нигоҳ билан қараб,  чуқур фикр юритишдек ажойиб хусусиятига ҳайрон қоламан. Ака ўзи билан бўлиб ўтган бир воқеани гапириб берганди.

- Узоқ йиллар олдин мутахассислигим бўйича Санкт-Петербург шаҳрига симпозиумга бордим. Куз ойи эди. Хизмат сафаримиз тугаб қолган кунларнинг бирида, Пётр қурдирган шаҳарни кезиб, дўстлар билан шоирлар мушоираси бўлаётган жойга бориб қолибмиз.

Жуда кўп шеър аҳли йиғилган жойда, адашмасам “Александр боғи” бўлса керак, куз мавсумининг ёпилишига бағишланган қандайдир тадбир бўлаётган экан. Қалам аҳли йиғилганларга рус мумтоз адабиёти намуналаридан ўқиб беришди. Тадбир тугагандан сўнг паркга келган барча атрофдаги дарахт баргларидан тайёрланган гербарийларни сотиб ола бошладилар. Ҳақиқатда табиат атрофдаги дарахт баргларидан ўз мурувватини аямаган, турли рангларга кирган кафтдек ва ундан каттароқ япроқлар кўзимга жуда гўзал кўринди. Менга ҳам ижодий муҳит таъсир қилиб, ёнимдагилар каби табиат мўъжизасига бўлган талпинишим туфайли барглар тўпламидан бир жуфт сотиб олдим.

Эртасига самолётда ватан томон учдик. Техника тараққиёти барибир яхшида. Тезкорлик сабаб, бир кундан сўнг соат тўртлар чамаси ўз уйимда ғарқ пишган узумлар тагидаги сўрида ўтирардим.

Атрофга назар ташлай туриб, кўзим ҳовлимиз ўртасидаги шафтоли дарахтининг япроқларига тушди. Куз фаслида мана шу дарахтнинг бугун-эрта ерга бағрини берадиган баргларига ҳеч эътибор берганмисиз?.. Тўғриси, мен ҳам илгарилари ҳеч диққат билан разм солмаган эканман… Ботаётган қуёш шуълалари боғимдаги шафтоли баргларида камалак мисол ажиб рангларни акс эттирарди. Битта баргни узиб, узоқ томоша қилдим. Мусаввир табиат гўёки турфа рангларини япроққа жо этгандек. Жомадондан олиб, чет элдан олиб келган гербарийга қарайман. Эҳ-ҳе, мени қўлимдаги япроқ ундаги барглардан минг чандон гўзал ва фусункорроқ экан. Ундаги қўл билан чизиб бўлмас, бетакрор чизиқларни фақат юртим қуёши ва табиати қунт ила чизиши мумкин эди, холос. Ўша лаҳзада агар шоир бўлганимда ашъор битиб юборишим аниқ эди...

Қадрдонимдан бу воқеани эшитиб, икки-уч кун қаттиқ таъсирланиб юрдим. Узоқ  таҳлилларимдан сўнг мени ўйлантирган бу ҳайратланарли ҳолатга жавоб топгандекман.

Менимча, Сойибжон ака асли, ҳовлисида бўй чўзган шафтолининг оддий япроқларида ВАТАН АКСИНИ ҳис қилган эди... Барглардаги чизиқлар қадрдонлик белгилари, ранглар жилосидан илҳомланиш эса юртидаги оддий, лекин, қадрдон мўъжизадан ҳайратланиш ҳисси эди холос. Япроққа қараб ватанни ҳис этиш эса, ҳаммага ҳам эмас.

Биргина, биз жонсиз деб атайдиган япроқни қўйинг, дунёда киндик қони тўкилган жойни, онаси илк бор алла айтиб, катта қилган ҳовлисини унутиб, ариқда оқизоқ қилиб еган кунларини, паға-паға қор ёққанида отасининг катта –катта оёқ изларига ўзиникини қўйган маконни унутган ватангадолар бор. Шундан сақласин...

Сиз, атрофингиздаги яқинларингиз, дўстларингиз, ҳовлингиз яна таниш кўчага, бошингизда турган самога яхшилаб бир боқинг-а... Яхшилаб қаранг! Кўрдингизми? Агар чин юракдан қалб кўзи билан боқсангиз буларни барида қадрдон ВАТАН АКСИНИ кўрасиз. 
Буни қаранг... Кўрмаган эканман! Ариқ четидаги ялпиз, анави ишкомда қўниб, “қув-қув”лаётган мусича ҳам шунчалик гўзал бўладими?..

Элмурод ЭРМАТОВ, Андижон.