Қуёш батареяларида парвоз қилувчи Solar Impulse 2 самолёти 26 июль тунги пайт ўзининг дунё бўйлаб саёҳатининг охирги нуқтаси – Абу-Дабида муваффақиятли қўнди. Самолёт айнан шу шаҳардан 2015 йил 9 мартда Ер атрофи бўйлаб саёҳатини бошлаганди.     

Бу ҳақда лойиҳанинг твиттердаги расмий саҳифасида маълум қилинди

"Бертран Пиккар бошқарувидаги Solar Impulse 2 самолёти Абу-Дабида муваффақиятли қўнди", дейилмоқда хабарда.

Дастлаб саёҳат 17 июлда якунланиши кутилганди. Бироқ учувчилардан бири Бертран Пиккарнинг саломатлигидаги муаммолар сабабли бир неча кунга сурилди.

Учувчилар Андре Боршберг ва Бертран Пиккар бошқарувидаги самолёт ўз саёҳати давомида дунёнинг 15 та давлатида тўхташ амалга оширди. 

Самолётнинг қанотлари қулочи 72,3 метрни, оғирлиги 2,3 тоннани ташкил қилади. Самолётда 17 минг 248 та қуёш батареяси ўрнатилган бўлиб, улардан олинадиган қувватдан 4 та электромотор ишлайди. Самолётнинг крейсерлик тезлиги соатига 140 кмни ташкил қилади.