«Рома» жамоаси футболчиси Франческо Тотти Миролим Пьянич ҳамда Гонсало Ҳигуаиннинг «Ювентус»га ўтгани ҳақида фикр билдира туриб, жамоаларини осонлик билан ўзгартирган бу футболчиларни танқид қилди.

«Бугунги кун футболчилари – кўчманчиларга ўхшайди. Улар пул ортидан қувиб, қалбга қулоқ солишмаяпти. Мен балки мана шу жиҳат билан бошқалардан ажралиб турарман.

Камдан-кам спортчиларгина юрак амрига бўйсунади. Агар мен пулни деганимда 10 йил олдин «Рома»дан кетган бўлардим. Аммо мен учун пуллар эмас, футбол берадиган эҳтирос муҳимроқ.

Мен ҳамиша жамоам рангларини севганман ва ҳамиша фақат шу жамоа либосини кийишни истайман», – дея Тоттининг сўзларини келтиради Football Italia.

Айни вақтда 39 ёшда бўлган Тотти римликлар жамоаси шарафини 1991 йилдан буён ҳимоя қилиб келади. Бундан олдинроқ, у янги мавсумда жамоаси билан чемпион бўла олмаса, футболчилик фаолиятини якунлашини айтганди.

Манба: Tribuna.uz