"Толибон" радикал ҳаракатининг камида 260 аъзоси Афғонистоннинг Саманган вилоятида армияга таслим бўлди, деб маълум қилди 26 июлда Афғонистон мудофаа вазирлиги. 

Khaama Press агентлигининг маълум қилишича, толиблар Дара-а-Суф туманидаги 11 кун узлуксиз давом этган ҳарбий операциялардан кейин таслим бўлган. Тумандаги кўпчилик қишлоқлар жангарилардан озод қилинди.

Афғонистон ички ишлар вазирлиги қурол-аслаҳа ва ўқ-дорилар билан бирга таслим бўлганлар орасида 2 қўмондон ҳам борлигини маълум қилди. 

Афғонистондаги вазият охирги ойлар сезиларли ёмонлашди. Аввал мамлакатнинг қишлоқ жойларининг катта қисмини эгаллаб олган "Толибон" йирик шаҳарларга ҳужумларни бошлади. Шунингдек, мамлакат ҳудудида ИШИДнинг таъсири кучаймоқда.