Америкалик машҳур актёр Чак Норрис АҚШ президенти лавозимига номзод Хиллари Клинтоннинг АҚШ президенти этиб сайланиши мамлакатни барбод қилишини айтмоқда. Актёр ўзининг сайловолди пойгаси ҳақидаги фикрини WND порталига берган мақоласида баён қилди.

Демократларга қарши чиқиши билан маълум бўлган актёр республикачи Дональд Трамп номзодини қўллаб-қувватламоқда ва унинг партиядошларини бирдамликка чақирмоқда. "Агар республикачилар бирдам бўлмасалар, биз президентлик сайловларини аниқ ютқазамиз ва сенатда кўп конгрессменларимиз ва ўринларимизни йўқотамиз", деб айтмоқда актёр.

"Демократлар президентликдаги каби Конгрессда ҳам узоқ вақт устунлик қилади ва бу қанча давом этиши фақат Тангригагина маълум. Ва энг ачинарлиси, Олий суд Хилларининг одамлари томонидан эгалланади ва кейинги ўн йиллар давомида уларнинг қарорлари республикамиздан қолган нарсани ҳам барбод қилади ёки йўқ қилади", деб ёзмоқда актёр. 

Актёрнинг прогнозича, Трамп президентлик лавозимида эҳтиёжманд одамларга ёрдам бера олади. Шунинг учун актёр республикачиларга мустақил номзодлар ва Демократлар партиясига ишончни йўқотганлар қўшилишини истамоқда. 

CNN ва ORC International сўровномалари натижаларига кўра, 18-21 июлда ўтган республикачилар қурултойидан кейин Трамп Клинтондан оммавийлик бўйича 3 фоизга ўтиб кетди. Олинган маълумотлардан Трамп томонга бирор бир партияга рўйхушлик қилмайдиган кўпроқ сайловчилар ўтганини кўриш мумкин.

Чак Норрис анчадан бери ўнг кучлар тарафдори ҳисобланади. Хусусан, у Техас аҳолисининг штат ҳудудида мустақил давлат тузишга интилишларини кўп маротаба қўллаб-қувватлаб келган ва кўплаб демократчи сиёсатчиларни, жумладан АҚШ президенти Барак Обамани танқид қилган.