Гулнавоз (исм-шарифлар ўзгартирилган) кўпдан буён пойтахтда яшашни орзу қиларди. Кунларнинг бирида бу орзусини амалга оширди. Қизи Дилором билан бирга узоқ вилоятнинг биридан Тошкентга келишди. Ижарага уй топишди. Кейин ўзига мос иш ҳам топди. 

Шундай қилиб Гулнавоз пойтахтда яшай бошлади. Бу орада у таниш-билишлар орттирди. Танишларининг орасидан Петросянни ёқтириб қолди ва улар норасмий турмуш қуриб, биргаликда Мирзо Улуғбек тумани Қорасу-4 даҳасидаги кўп қаватли уйларнинг бирида яшай бошлашди. Рус миллатига мансуб бу йигитнинг хурмача қилиқлари кейинроқ чиқа бошлади. Бунинг оқибатида улар тез-тез жанжаллашадиган бўлишди. Оилавий келишмовчиликлар келиб чиқди.

Гулнавоз ожиза бўлганлиги учун турмуш ўртоғи Петросянга кучи етмасди. Шунинг учун у хўжайнини қўрқитиш ва жазолаш учун ўзига нисбатан эрини қотиллик жинояти содир қилганликда айбламоқчи бўлиб, сунъий далилларни ўйлаб топди. Яхшигина режа ҳам тузди.

Режага асосан у ўзи яшаб келаётган хонадонда бўлиб, соат тахминан 21:30 ларда уйига ташриф буюрган таниши Камолиддин Мираҳмедовга рус тилида хат ёзишни таклиф қилди ва қуйидаги хатни битди: “Петросян! Биз сен айтгандай қилдик. Эрталабгача қурийди. Қўнғироқ қилишнинг имкони бўлмади. Пулни топа олмадик. Келишилган жойда кўришамиз”, деган мазмунда хат ёздирди. Шундан сўнг Камолиддин уйига кетди.

Эртаси куни кечки 20:30ларда аёл ўзини пешона ҳамда қорнининг ўнг томонига лезвия билан енгил тан жароҳати етказди. Сўнгра турмуш ўртоғи Петросян Артуров номига ўзига нисбатан қотиллик содир этилганлиги ҳақида ёзилган хат ва сочиқни ўзининг оғзига скотч билан ўради. Ўн уч ёшли қизи Дилоромни мажбурлаб, у ёрдамида қўлларини арқон билан боғлаттириб, уйда бўлган турникка ўзини осиб, жонига қасд қилди.

Қизи Дилором онасининг бу ҳолатини кўриб қўрқиб кетди ва дарҳол қўшниларни ёрдамга чақирди. Қўшнилар уни бўйнидаги ипини кесиб, зудлик билан “Тез ёрдам”га қўнғироқ қилишди. Ўз вақтида кўрсатилган тиббий ёрдам натижасида Гулнавознинг ҳаёти сақлаб қолинди.

Аёл ўзини жабрдийдадек кўрсатиб, Мирзо Улуғбек туман ИИБга ариза билан мурожаат қилди.

Жиноят содир бўлган куни кечқурун номаълум бир шахс эшиги очиқ бўлганлиги учун хонадонига кириб, турмуш ўртоғини сўраганлигини, сўнгра унга ўткир тиғли жисм билан тан-жароҳати етказганлигини, оғзини скотч билан боғлаб, қасддан ўлдириш мақсадида турникка осиб кетганлиги ҳақидаги ёлғон гапларни ИИБ ходимларига ёзиб берди.

“Ёлғончининг гувоҳи ёнида юради”, деганларидек у ёлғон гапини тасдиқлаш учун қизи Дилоромни ҳам ИИБга олиб келди.

Афсуски Гулнавознинг бу режаси иш бермади. Чунки алоҳида тергов давомида Дилором бор ҳақиқатни ошкор қилиб қўйди.

“Ёлғончида ор бўлмас” деганларидек Гулнавоз режасининг чаппасига кетганлигини кўриб, дарҳол судга ариза билан мурожаат қилиб, унга нисбатан жиноят ишини амнистия тўғрисидаги қарорга мувофиқ тугатишини сўради.

Судланувчи Гулнавоз Абдуҳакимованинг унга нисбатан жиноят ишини амнистия актига асосан тугатиш ҳақидаги аризаси қаноатлантирилди.

Ёлғоннинг умри қисқа, деб шунга айтсалар керак-да. Гулнавоз ёлғон гапириб, сунъий қотиллик уюштириб, ўзи бир ўлимдан қолди.

Хонбиби ҲИММАТ қизи