Европа Иттифоқи дипломатияси раҳбари Федерика Могерини Европа Иттифоқининг Туркиядаги элчиси истеъфога кетгани сабабли Кристиан Бергерни янги элчи этиб тайинлади. Бу ҳақда Могеринининг Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Човушўғлу билан телефон суҳбати натижаларига кўра ЕИ ташқи сиёсий хизматининг Брюсселда тарқатилган баёнотида айтилган.   

Баёнотда "Бергер айни вақтда ЕИнинг ташқи сиёсий хизматида Яқин Шарқ ва Шимолий Африка бўйича директор лавозимини эгаллаши ва турли халқаро ташкилотларда турли дипломатик лавозимларда ишлаш бўйича 30 йиллик тажрибага эгалиги" айтилган.  

Июнь ўртасида ЕИнинг Туркиядаги элчиси Хансйорг Хабер истеъфо кетганди. Хабер ўз лавозимини 1 августда тарк этиши айтилганди. Журналистларнинг Хабернинг истеъфога кетиши сабаблари ҳақидаги саволларига аниқ жавоб берилмаган.

Хабер ушбу лавозимни 2015 йилда эгаллаганди. Аввалроқ у Анқарани ЕИ билан миграцион келишуви бўйича танқид қилганди ва шу сабабли ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилганди.