Қирғизистоннинг Иссиқкўлидаги дам олиш масканларидан бирида Қозоғистондан келган сайёҳлар ва маҳаллий аҳоли ўртасида жанжал юз берди, деб хабар қилмоқда turmush.kg. 

Интернет тармоғида ушбу ҳодисанинг видеолавҳаси пайдо бўлган. Унда, бир гуруҳ эркаклар дам олиш уйининг ҳовлисида урушаётганини кўриш мумкин. Уларнинг ёнида турган аёл "бола бор!", - дея бақираётгани ҳам тасвирга тушган. 

Нашрнинг ёзишича, афтидан қозоғистонлик бир неча сайёҳ маҳаллий йигитлар билан тортишиб қолгач, ўртадаги тортишувга билак кучи билан ойдинлик киритишга қарор қилишган. 

Шу билан бирга, хабарларга кўра, ушбу воқеа юзасидан Иссиқкўл вилояти ИИБга расмий ариза топширилмаган бўлса-да, "Мовий Иссиқкўл" пансионатига  оператив-тергов гуруҳи юборилган.