14 июль куни Франциянинг Ницца шаҳридаги теракт содир бўлган вақтда қаҳрамонлик кўрсатиб, юк машинасини тўхтатиб қолишга уринган Франк исмли кишига янги мотоцикл учун маблағ йиғилди. Бу ҳақда France Info радиоси орқали хабар берилган.

«Қаҳрамон учун мотоцикл» акцияси Манш департаменти фуқаролари томонидан интернет орқали бошланган. Улар бу акция мақсадини шундай тушунтиришган: Биринчидан, қаҳрамонни рағбатлантириш керак. Иккинчидан, суғурта компанияси ўша вақтда ғилдираклар остига кириб кетган мотоцикл учун тўлов бермайди, чунки, мотоциклчи ўз транспортини онгли равишда ғилдираклар остига ташлаган.

Аввалига керакли 9 минг евро тўплаш мақсад қилинганди, лекин ҳозирда 21 минг евродан ортиқ маблағ тўпланган ва бу миқдор ўсишда давом этмоқда. Хайрия маблағининг керагидан ортиқ қисми ўнлаб жароҳатланганлар ётган касалхоналарга топширилади.

Франк Ницца аэропорти божхона хизматида ишлайди. У 14 июль куни кечқурун рафиқаси билан бирга байрам салютини томоша қилаётган эди. Шу вақтда у қирғоққа оғир юк машинаси бостириб келаётгани ва ундаги террорчи одамларни атайлаб босиб кета бошлаганини кўради ҳамда мотоциклига сакраб чиқиб, юк машинасига етиб олади. У машина ёнида ҳаракатланади, у террорчини тўхтатишга уриниб, унга зарба беради. Террорчи унга ўқ узмоқчи бўлганида мотоциклини машина ғилдираклари остига ташлайди, бироқ бу бефойда бўлади.

Аввалига унинг ҳалок бўлгани айтилганди, аммо кейинги куни унинг омон қолгани маълум бўлди.

Франк кўрсатган қаҳрамонлиги учун Ницца шаҳри ҳокимияти томонидан медаль билан тақдирланди. Энди унга бош миллий мукофот - Фахрий легион орденини талаб этишмоқда.

Ниццада мотоциклчи одамлар устига юрган юк машинасини тўхтатишга урингани тасвирланган видео пайдо бўлди