Марафончи Гуор Мариал урушда 28 нафар қариндошини йўқотган, ўзининг ҳалок бўлишига ҳам бир баҳя қолган, лекин шундай бўлса-да, у барча қийинчиликларни енгиб ўтиб, Олимпия ўйинларидаги биринчи жанубий суданлик спортчи бўлди. 

XX аср ўрталарида Суданда фуқаролик уруши давом этарди. У расман 2005 йилда тугаган, 2011 йилда эса давлат ҳаттоки иккига ажралиб кетди, аммо ҳарбий тўқнашувлар хали-ҳануз давом этмоқда. Қонли тўқнашувларда 2 миллион киши ҳалок бўлди, яна 4 миллион киши эса – қочқин мақомини олди. Уруш деярли ҳар бир оилага кириб борди, бироқ Гуора Мариаланинг ҳикояси ҳар қандай инсоннинг қалбини ларзага келтиради. Тўқнашувлар унинг 28 нафар қариндошини ҳаётдан олиб кетди, 8 нафар туғишган ака-опалари шулар жумласидандир. Кимдир очлик ва касалликлардан, яна кимларнидир шимол араблари  аёвсиз отиб ташлашган.
Кенжа Гуорани ҳам шунга ўхшаш тақдир кутиб турарди: “Биз оч-наҳор ва уйқусиз тунларни бошдан ўтказардик, отишмалар туфайли жунглига қочишга тўғри келарди. Бизда ҳатто устимизни ёпиш учун бирор бир нарса йўқ эди, ўрмон эса қонхўр сариқ чивинлар ҳамда қора-жигарранг капалакларга тўла эди”.

Гуоранинг ота-онаси ўйлай-ўйлай ўғлини пойтахт Хартумга жўнатишга қарор қилишди, чунки у ер хавфсизроқ эди. Автобусда пойтахтгача етиб олиш учун оиланинг пули йўқ эди, шу боис у амакиси билан бирга 600 километрли йўлни пиёда босиб ўтишга мажбур бўлди. Улар билан бирга Бентиудан бир гуруҳ қочқинлар ҳам йўлга чиқди. Улар оч бўлишса-да, йўлда учраган ишни бажаришди, 8 ёшли Гуор ҳам бундан истисно эмас. 

Бир куни у катталардан ажралиб, гуруҳдаги болакайлар билан бирга ёнғоқ ва манго тергани кетди. Улар кичик меҳнат эвазига егулик ваъда қилган кўчманчиларга йўлиқишди. Болаларнинг розилиги уларни қулга айлантирди. Араблар улардан подачи сифатида фойдаланишди. Бир ҳафтадан сўнг Мариал ғорга яшириниб, қочиб кетди. У ўша пайтда нималарни ҳис қилганлигини халигача эслайди: “Жуда ҳам қўрққанман. Ғорда шуни англаб етдимки, мендан қул сифатида фойдаланган жойга қайтгандан кўра, қандайдир йиртқич еб қўйгани ёки биров отиб ташлагани яхшироқ эди”.

Асирликдан сўнг амакиси ва гуруҳни излаш бефойда эканлигини тушуниб етди. Шу боис орқага ота-онасининг олдига қараб йўл олди, бироқ йўлда бир аскарга дуч келди. Аскар хўжаликдаги ишларни бажаришни таклиф қилди – дўконга бориш, таом тайёрлаш, пойафзал тозалаш, чўмилиш учун сув ташиш ва ҳ.к. Мариал бундай таклифдан қувониб кетди, аммо маошини сўраганида, ҳарбий уни уйга қулфлаб қўйиб, кўчага чиқармай қўйди.

Бир йил ана шундай хўрликда ўтди. Бўлғуси Олимпия спортчиси амакисидан 3 йил кейин Хартумга етиб келди. Амакиси қочқинларга ёрдам кўрсатувчи нодавлат ташкилотда фаолият юритарди. Қочқинлар жанублик эди, шу боис шимолликлар уларни ёмон кўришарди. 1999 йилда Жанубий Судан армияси билан алоқада бўлганликда айбланиб, амакиси қамоққа олинди.  Тунги қўлга олиш жараёнида бутун оила жароҳатланди, Гуоранинг эса қурол билан теккан зарб натижасида 6та тиши синиб тушди. 

Бундай зиддиятли вазиятда бу ерда қолиш хавфли эди. Шу боис аммаси тўғри йўл тутди: Мисргача иккита чипта олиб, у ердан бошпана сўради. Бир йил ўтиб, уларга амакиси ҳам келиб қўшилди – уни чўлга олиб бориб, қолган сиёсий маҳбуслар билан бир қатор тизиб, отиб ташлашди. Эркакнинг омади келиб, у қадар жиддий жароҳат олмади, бироқ ўзини ўлганга солиб ётаверди. Шунча ишдан кейин чегарадан ёлғиз ўтиш – у учун ҳеч гап эмас эди. 

Бир йил ўтиб, АҚШда Мариал ва унинг қариндошларига қочқин мақоми берилди. Ўша пайтга бориб, Гуар ўзига-ўзи ваъда берди: “Мен ҳаётимни сақлаб қолиш учун қочгандим. Бироқ энди қочмайман”. 

Унинг югуришга бўлган муносабатини ўзгартиришга оддий ўқитувчи – Расти Кофрин ёрдам берди, бўлғуси спортчи унинг уйида яшаган. 

Ҳеч қандай маълумотга эга бўлмаган суданлик бола Қўшма Штатларга тезда кўникиб кетди: ўрта мактабни тугатиб, коллежда шифокорлик ишини ўрганди. Мариални Кофриндан олиб кетган мураббий шундай хотирлайди: “У ҳар доим ниманидир ўқир эди: автобусда, аэропортда, самолётда, меҳмонхонада...У югуриш бўйича мусобақаларда иштирок этаётганида ҳам китоб очиқ турарди”. У ўқиш билан бирга спорт машғулотлари билан ҳам шуғулланарди. Жароҳатлар бошланди. Мураббийнинг айтишича, бу унинг дўконда юк ташувчи бўлиб ишлаб юрган пайтида устига сув контейнерининг тушиб кетганлиги асорати бўлган. 

Ўқишни тугатгач, соғлиғини ҳам тиклаб олди. Энди Гуора иш билан банд эди: у ҳафтасига 20 соат ақлан норасо кишилар шифохонасида санитар бўлиб ишлай бошлади.  У 2011 йилнинг октябрь ойида ҳаётидаги илк марафонини босиб ўтди. У биринчи уринишдаёқ Олимпия нормативини бажариб, Лондонда иштирок этиш имконини қўлга киритди. 

Муаммо шунда эдики, америкаликлар унга фуқаролик мақомини бериш ишларини чўзиб юборишди. Олимпиада масаласи 9 ой давомида ҳал қилинди. Гуор ҳатто очилиш маросимини қўйиб юборди. Марафонга бир неча кун қолганда Халқаро Олимпия Қўмитаси Мариалга мустақил атлет сифатида қатнашишга рухсат беришди. У етарлича тайёргарлик кўришга улгурмагани туфайли бу мусобақада совринли ўринларни олмади, лекин финишгача етиб келганидан боши кўкка етди. 

Спортчи 21 йил деганда ота-онасини кўриш бахтига муяссар бўлди: “Мен уларни  тирик кўриш учун Худога илтижо қилардим”. Ота-онаси аввал уни танишмади, ахир орадан қанча вақт ўтган. Онасига ёнидаги йигит унинг ўғли эканлигини айтишганида, у ҳушини йўқотди. Шунда Гуор тиз чўкиб, онасини қучди. Онаизор боласига қараб қайта-қайта “Бу сенмисан?” дерди. Шундан сўнг Гуор фамилиясини ўзгартирди. Энди у Мариал эмас – Мадинг Макер (отаси каби).

Макер Риога Жанубий Судан байроғи сотида кетмоқда: мамлакат биринчи марта Олимпиадада расман иштирок этади. 

2016 йилги Олимпия ўйинларида эркаклар марафони 21 августга бўлиб ўтиши режалаштирган.