Озарбайжон Конституциясига киритилиши кутилаётган ўзгартишларга бағишланган референдум 2016 йилнинг сентябрида бўлиб ўтади. Бу борадаги фармойишга президент Илҳом Алиев имзо чекди. Унда умумхалқ овоз бериши (референдум) 2016 йилнинг 26 сентябрига белгиланиши таъкидланади. Фармойишда “Марказий сайлов комиссияси белгиланган муддатда референдум ўтишини таъминлаши белгилаб қўйилган. Вазирлар Маҳкамаси эса умумхалқ овоз беришини молиявий таъминлаши учун зарур чораларни кўриши белгилаб қўйилди.

Маълумки, 25 июль куни Озарбайжон Конституциявий суди мамлакат Асосий Қонунига ўзгартиш киритишга бағишланган референдум ўтказилишини қонунга мос келиши борасида қарор қабул қилган эди. Аслида бу борадаги ташаббус президент Илҳом Алиев томонидан илгари сурилган ва “Озарбайжон Республикаси Конституциясига ўзгартиш киритиш тўғрисида”ги референдум тўғрисидаги Акт 18 июль куни Конституциявий судга топширилган эди.

Президент илгари сураётган таклифга кўра, Озарбайжон конституциясининг 29 моддасига ўзгартиш киритилади. Жумладан, президентнинг ваколатлари беш йилдан етти йилгача узайтирилади. Бундан ташқари, конституциядаги “Республика президенти этиб 35 ёшдан юқори бўлган фуқороларгина сайланиши мумкин”, деган модда олиб ташланади. Яъни, Озарбайжон фуқоролари ёшидан қатьи назар республика президентлигига номзодини кўрсатиши мумкин.
Айни дамда президентликка Озарбайжон худудларида 10 йилдан ортиқ муддатда доимий яшаб келаётган, сайлаш хуқуқига эга, судланмаган, бошқа давлатлар олдида мажбурияти бўлмаган, олий маълумотли, қўш фуқоролиги бўлмаганларгина ўз номзодларини кўрсатишлари мумкин.

Агар референдумда сайловчилар таклиф қилинаётган лойиҳани маъқуллайдиган бўлсалар, у ҳолда фуқоролар ҳозиргидек 25 ёшдан эмас, балки 18 ёшдан парламент депутатлари этиб сайланишлари мумкин. Таҳлилчиларнинг фикрича, айни шу қадам ёшларни сиёсатга, давлат бошқарувига қизиқишини кучайтиради. Президентлик ва парламент депутатлигига номзодлар ёшининг пасайитирилиши сайловларда иштирок этувчи фуқоролар сонининг ошишига қаратилган.

Лойиҳага кўра, биринчи вице-президент ва  вице-президентлар лавозими жорий қилинади. Вице-президентлар бажарадиган вазифалар референдум яқинлашган сари ойдинлаштирилади. Биринчи  вице-президент ва вице-президентлар мамлакат президенти томонидан тайинланади ва мансабларидан бўшатилади. Ҳозирги асосий қонунга кўра, агар президент ўз ваколатларини муддатдан аввал топширадиган бўлса, у ҳолда бош вазир вақтинчалик президент вазифасини бажариб турар эди. Янги лойиҳага кўра, эндиликда биринчи вице-президент янги давлат раҳбари сайлангунга қадар президент вазифасини бажариб туради. Агар президент ўз ваколатларини муддатдан аввал тугатадиган бўлса, у ҳолда уч ой ичида сайлов ўтказилиши керак бўларди. Эндиликда 60 кун мобайнида муддатдан илгари президент сайлови ўтказилиши керак.

Шунингдек, президент Миллий Межлис (парламент)ни тарқатиб юбориш ва муддатдан илгари сайловлар ўтказиш борасида қарор қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлади. Президент муддатдан илгари президент сайловлари ўтказилиши борасида ҳам қарор қабул қилиши мумкин.

Ўтказилиши кутилаётган референдум мамлакатдаги иқтисодий ислоҳотларга туртки бериши айтилади. Йил бошидан бери Озарбайжонда кенг қамровли иқтисодий ислоҳатлар амалга оширилмоқда. Бу, ўз навбатида, бошқарув амалиётида бир қатор ўзгаришларни талаб қилади. Бошқарувни такомиллаштириш учун эса ваколатларни ўзаро тўғри тақсимлаш зарурияти пайдо бўлади. Шу сабабли ҳам вице-президентлар лавозимлари жорий қилинмоқда. Бу ўзгаришлар президент институтининг мустаҳкамланишини англатади.

Умумий ҳисобда Озарбайжонда шу кунга қадар тўрт марта (1993 йил августи, 1995 йил ноябри, 2002 йил августи ва 2009 йил мартида) референдум ўтказилган.

Сентябрь ойида Озарбайжонда дам олиш кунлари бир кунга кўпаядиган бўлди. 26 сентябрь душанба кунга тўғри келгани боис шу куни дам олиш куни, деб эълон қилинди. Чунки Сайлов Кодексининг 8-моддасига кўра, Озарбайжонда сайлов (референдум) кунлари дам олиш, дея эълон қилинган. 

Шарофиддин Тўлаганов