Қашқадарёда бозор муносабатлари талаблари ва шароитларига жавоб берадиган ишлаб чиқаришга оид меҳнат муҳофазасини таъминлаш,  шу асосда барча мулкчилик шаклидаги корхоналарда меҳнат қиладиган ишчилар ва ишлаб чиқариш усулларини ижтимоий ҳимоя қилиш масалаларига бағишланган семинар бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Ўтган давр мобайнида Зеварди, Ўртабулоқ, Денгизкўл, Помуқ, Култак, Шўртан, Кўкдумалоқ каби 120 нефть ва газ  конлари очилиб, фойдаланишга топширилди. 1999 йилдан бошлаб Қорақалпоғистон Республикасида ҳам газ саноати ривожланиб, “Устюртгаз” масъулияти чекланган жамияти ташкил этилди. Сўнгги йилларда ҳудудда бир қанча истиқболли газ конларининг очилиши ва айни кунларда уларнинг аксарияти ишга туширилгани соҳадаги изланишлар самарасидир.

“Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг компанияси таркибидаги компания, корхона ва ташкилотларда 126 мингдан ортиқ ходимлар ҳаёти ва саломатлиги муҳофазаси таъминланган. Ишлаб чиқариш объектларида ходимлар учун қулай меҳнат шароити яратилган. Жумладан, мураккаб чўл шароитида меҳнат қилаётган ишчи-ходимларга махсус кийим, пойабзал ва шахсий ҳамда умумий ҳимоя воситалари, уч маҳал иссиқ овқат, барча қулайликка эга вагон-уйлар, маънавият бурчаклари ташкил этилган. 4 тиббий сиҳатгоҳ, 15 болалар дам олиш маскани, битта соғломлаштириш санаторияси, 2 саломатлик-профилактория оромгоҳи ишчи ва хизматчилар ихтиёрида.

“Шўртангазкимё” мажмуасида 928 ходимдан иборат кўнгилли ёнғин ўчириш, 469 ходимдан ташкил топган кўнгилли газдан қутқариш гуруҳлари тузилган. Бундан ташқари, жорий йилда мажмуага келган меҳмонлар ва ташкилотлар ходимларига кириш йўриқномалари тушунтирилди. Уларнинг 140 нафари амалиёт ўтовчилар бўлиб, уларга амалиёт даврида хавфсизлик қоидалари бўйича ўқитиш ишлари олиб борилди.

Тадбир якунида бахтсиз ҳодисалар ва уларнинг бартараф этилиши бўйича  ҳужжатли фильм намойиш этилди.