Туркия қуролли кучлари давлат тўнтаришига уринишдан кейин қўлга олинган ҳарбийлар сони 8,7 минг нафарни ташкил қилаётгани, бу эса мамлакат армиясининг 1,5 фоизи эканини маълум қилди. Бу ҳақда NTV телеканалида хабар қилинган.

Туркия Қуролли кучлари маълумотига кўра, давлат тўнтаришига уринишда жами 8651 нафар ҳарбий иштирок этган, улар АҚШда истиқомат қилувчи Фатҳуллоҳ Гуленга алоқадор ҳисобланади.

Исёнчилар 3та кема, 74та танк, 246та БТР, 3992та ўқотар қуролдан фойдаланишган. Шунингдек, ўша куни исёнчилар қўлида 35та ҳарбий самолёт ва 37та вертолёт бўлган.

Маълумот учун, Туркия армияси аскарлар сони бўйича НАТОда АҚШдан кейинги иккинчи ўринда туради.

15 июль оқшомида Туркиянинг Истанбул ва Анқара шаҳарларига танклар олиб кирилиб, давлат тўнтариши амалга оширилгани эълон қилинди. 16 июль тонгида исён бостирилди.

Тартибсизликлар вақтида тинч аҳоли вакилларидан 246 киши ҳалок бўлган ва 2 мингдан ортиқ киши жароҳатланган. Исёнчиларнинг йўқотишлари ҳисоби қилинмаган.

Туркия ҳукумати исён ташкилотчилигида Фатҳуллоҳ Гуленни айбламоқда ва АҚШдан унинг экстрадиция қилинишини талаб этмоқда. Гулен эса бу ҳаракатга алоқадор эмаслигини таъкидламоқда.