Twitter компанияси Vine видеохизматидаги камчилик учун ҳиндистонлик тадқиқотчига 10 минг доллар мукофот пули тўлади. Бу ҳақда Mashable портали хабар бермоқда. 

Авинаш Сингх исмли хакер Twitter’га Vine хавфсизлигидаги камчилик ҳақида март ойидаёқ хабар берган. Хусусан, у видеохизматнинг дастлабки кодлари ва API-калитларга эга бўла олган. Бу маълумотлар хакерга хизматнинг тўлақонли нусхасини яратишга имкон берди. Бу нусхадан эса жиноятчилар фишинг учун фойдаланишлари мумкин эди.

Компания камчиликларни бартараф этгач, Сингхга HackerOne стартапи орқали мукофот пулини тўлаган.

Бундан ташқари, ҳинд  Censys.io тизими ёрдамида Twitter’да 15 та хато топганини маълум қилган. У медиафайлларни ҳимояланмаган узатиш ва Android-дастурларда логин ва паролларни сақлашга тааллуқли бўлган камчиликларни топа олган. Компания бу камчиликлар учун ҳам Сингхни "қуруқ қўймаган".