“JV Man Auto Uzbekistan” қўшма корхонасининг Самарқанддаги сервис ва диллерлик марказида оғир юк кўтарувчи “MAN” транспорт воситалари учун кабиналар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва янги технологияларни жорий этишга бағишланган брифинг ўтказилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Ҳозирги кунда Ўзбекистонда бир неча турдаги енгил машина ва автобуслар, юк ташувчи автротранспорт воситалари ва тиркамалар ишлаб чиқарилмоқда, ички бозордан ташқари хорижга экспорт қилинмоқда.

2009 йилда “Ўзавтосаноат” акциядорлик компанияси ҳамда Германиянинг дунёга машҳур “Man Truck&Bus Group” компанияси ҳамкорлигида  “JV Man Auto Uzbekistan” қўшма корхонаси ташкил этилиши билан юртимизда оғир юк кўтарадиган “MAN” автомобилларини ишлаб чиқариш ва уларга техник хизмат кўрсатиш йўлга қўйилди. Бугунги кунда мазкур корхонада тўлиқ вазни 16 тоннадан ортиқ бўлган юк автомобиллари ва махсус транспорт воситалари ишлаб чиқарилмоқда. 

– Давлатимиз раҳбари қарорида белгилаб берилган имтиёз ва кенг имкониятлардан фойдаланиб, “Man Truck&Bus АG” саъй-ҳаракатлари билан корхонамизда тайёрланаётган “MAN” оғир юк кўтарувчи транспорт воситалари учун йилига 3 минг дона кабина ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш бўйича лойиҳани амалга оширдик, – дейди “JV Man Auto Uzbekistan” қўшма корхонаси янги лойиҳалар ва маҳаллийлаштириш департаменти директори Ойбек Аюбов. – Бунинг учун заводимизга Германия, Италия ва бошқа давлатлардан янги, замонавий технологиялар келтириб ўрнатилди. Ходимларимиз хорижда билим ва малака ошириб қайтди. 

Кабина ишлаб чиқариш жараёни пайвандлаш, бўяш ва йиғиш циклида амалга оширилади. Кабинанинг металл панеллари Хитойдаги “SINOTRUK IMPORT&EXPORT CO LTD” компанияси томонидан етказиб берилади ва корхонада пайвандланади. Сўнгра Самарқанд автомобиль заводи бўяш цехи базасида емирилишга қарши қатлам сурилиб, бўялади. Бўялган кабиналар “JV Man Auto Uzbekistan” қўшма корхонасига келтирилиб, ички ва ташқи жиҳозларини ўрнатиш каби сўнгги йиғув ишлари бажарилади. 

Мазкур лойиҳани амалга ошириш билан корхонада 50 дан ортиқ янги иш ўрни яратилди. Бу иш жойларида асосан автомобилсозлик йўналишидаги касб-ҳунар коллежларини битирган ёшлар меҳнат қилмоқда.

Кабиналарни серияли ишлаб чиқаришга жорий йилнинг сентябрь ойидан киришилади.