2016 йилнинг 28 июль куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги делегация Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) Бош котиби Ияд Амин Маданий билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабар берган.

Учрашув давомида ИҲТга аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган 43-сессияси дастури, кун тартиби ва бошқа амалий масалалари юзасидан фикр алмашилди.

ИҲТ Бош котиби Ташқи ишлар вазирлари кенгашига тайёргарлик кўриш борасида Ўзбекистон томонидан амалга ошираётган чора-тадбирларни юқори баҳолади.

27 июль куни Абдулазиз Комилов Саудия Арабистонига ташрифи доирасида Саудия Арабистони Подшоҳлиги Ташқи ишлар вазири Одил ал-Жубайр билан музокаралар олиб борганди.