Ҳиллари Клинтон Демократик партиядан Америка президентлигига номзод сифатида расман тасдиқланди, шу муносабат билан ўтказилган партия съездида унинг турмуш ўртоғи  - АҚШнинг собиқ президенти Билл Клинтон нутқ сўзлади. 8 йил давомида Қўшма Штатларни бошқарган Клинтон бу ишнинг масъулиятини яхши билади, лекин бу сафар у ташкилотчилар томонидан “биринчи рақамли хонимлар” учун ажратиладиган бўлимда иштирок этди. Демократлар етакчисининг турмуш ўртоғи – янги тарих давомида - ҳам давлат раҳбари, ҳам “биринчи рақамли жентльмен” бўлишга муваффақ бўладиган иккинчи шахс ҳисобланади. 

The Washington Post маълумотларига кўра, Билл Клинтон президент лавозимини тарк этганидан сўнг жамоат жойларидаги иштироки ва маърузалари билан, шунингдек  китоблар нашридан 100 миллион доллардан ортиқ пул ишлаб олди. Унинг бир марталик иштирок учун гонорари 300 минг долларгача етиши мумкин. Ҳиллари Клинтон Америкадаги сайловларда ғалаба қозонган тақдирда, унинг турмуш ўртоғига талаб янада ортади. Сиёсий майдондаги бошқа аёл раҳбарларнинг эрлари эса одатда нисбатан камтарона ҳаёт кечиришади. Бугун биз “биринчи жентльменлар”нинг қандай яшаши ва уларнинг нима билан шуғулланишига оид маълумотларни сизнинг диққатингизга ҳавола этамиз. 

 

Опера фантоми

Немис квант кимёгари, профессор Йоахим Зауэр – жуда банд киши. У ҳаттоки расман “биринчи рақамли эр” бўлган куни ҳам турмуш ўртоғи Ангела Меркель қасамёд келтираётган бундестагда эмас, ўзининг Гумбольдт номли Берлин университетидаги иш хонасида ўтказган. 

“Иккимиз ҳам ўз ишимиз билан бандмиз. Мен уй бекаси эмасман, у ҳам уйда ўтирмайди”, - дейди Меркель “Бунте” журналига берган интервьюсида. Зауэр жамоат жойларни четлаб ўтади: бу жуфтликни биринчи марта Байройтдаги Вагнер фестивалида бирга кўришган, шу боис канцлернинг тутқич бермас эрига “опера фантоми” деган ном берилган. Профессор жуда камдан-кам интервью беради, айниқса журналистларнинг саволлари унинг касбига оид бўлмаса. 

Йоахим Зауэр салмоқли академик карьера қурган: у  Гумбольдт университетининг кимё факультетини тугатган, 25 ёшида докторлик диссертациясини ёқлаган ва 11 йилдан сўнг профессор бўлган. Унинг тадқиқотлари фаннинг баъзи катализаторлар фаолияти ва тузилишига оид тасаввурларини яхшилаш имконини берди ва бунинг натижасида кимёгарни дунё тан олди. 

Шунга қарамай, “биринчи жентльмен” мақоми қурбонликларни талаб қилади. 2008 йилда кимёгар ўзи учун ноодатий бўлган - НАТО мамлакатлари етакчиларининг хотинларига мўлжалланган дастур раҳбари сифатида қатнашди.  Олим сифатида эса, Зауэр ҳамроҳлик дастури терминологиясини ўзгартирди – у туфайли давлат раҳбарлари турмуш ўртоқларининг учрашуви дастури фақат “аёллар” тушунчасидан “ҳамкорлар”га айланди. 

Ангела Маркелнинг эри ўзини илм-фанга бағишлаган бўлса-да, турмуш ўртоғига ёрдам беришга ҳам ҳаракат қилади. Баъзан Зауэр хотини иштирокидаги маърузаларни кўриб, турли тадбирларда канцлернинг  имо-ишоралари, ҳаракатларига танқидий ёндашади, масалан, унинг нутқлари давомида “кўрсаткич бармоғини тепага кўтаргани”ни қоралайди. 

 

Президентлар жуфтлиги

“Биринчи жентльмен” мақомида бўлган илк мамлакат президенти  - аргентиналик Нестор Киршнер. 2007 йилда “Каса Росада” (“Пушти уй”) саройида оилавий алмашинув рўй берди: Арнетинанинг 54-президенти ўрнини унинг хотини Кристина Фернандес Киршнер эгаллади. “Собиқ” ёрлиғини олган Киршнер сиёсий саҳнада муҳим шахслигича қолди: 2008-2009 йилларда у ҳукмрон Хустисиалистик партия (Partido Justicialista, PJ) етакчисига айланди ва мамлакатдаги иқтисодий вазият бошқарувини ўз қўлига олди. 

Киршнернинг таъсири шунчалик кучли эдики, аргентиналик журналистлар ҳаттоки “президентлар жуфтлиги” атамасини ўйлаб топишди. Шунингдек сиёсатчига халқаро майдонда ҳам талаб катта бўлган: 2007 йилнинг январида Франция президенти Николя Саркозининг илтимосига биноан, Киршнер колумбиялик сиёсатчи Ингрид Бетанкурнинг озод қилинишига доир музокараларда иштирок этган.

2009 йилда хустиалистлар сайловларда мағлуб бўлишди ва Киршнер ички саҳнадан кетиб, Жанубий Америка миллатлар иттифоқининг бош котиби лавозимини эгаллади. У ортига қайтиб, президентлик сайловларида яна бир бор қатнашишни режалаштирган эди, бироқ 2010 йилнинг 27 октябрида юрак соҳасидаги жиддий муаммолар туфайли шифохонага ётқизилди. Киршнер ўша куннинг ўзидаёқ ҳаётдан кўз юмди. 

 

Камтарин молиячи

Яқиндагина Буюк Британия бош вазири этиб тайинланган Тереза Мэйнинг турмуш ўртоғи Филип ҳаётининг катта қисмини молиявий ишлар билан шуғулланиб ўтказган. Мэй 1979-1983 йиллар давомида  Zoete & Beven фирмасида биржа брокери бўлиб ишлаган. Кейинчалик у Prudential компаниясида нафақа жамғармасининг активларини бошқариб, таниқли инвестменежерга айланди. 2005 йилдан бугунги кунгача Capital Group’да мижозлар билан ишловчи менежер сифатида фаолият юритади. 

Филип Мэй катта пулларни бошқарувчи киборли трейдерларга умуман ўхшамайди. The Guardian нашрининг маълум қилишича, у турмуш ўртоғи каби камтарин ҳаёт кечиришни маъқул кўради. 

Британиялик журналистларнинг хабар қилишича, 58 ёшли Филип Мэй турмуш ўртоғи Терезанинг фойдасига ўзининг сиёсий амбицияларидан воз кечганига анча бўлган. 

 

Темир жентльмен

Буюк Британиянинг “темир хоним”и Маргарет Тэтчернинг турмуш ўртоғи Денис ҳали хотини билан танишмай туриб, ўзига яраша ном қозонган. Иккинчи жаҳон урушидан Британия империяси орденининг кавалер унвони билан қайтган Денис Atlas компаниясининг бош директори лавозимини эгаллаган. У раҳбарлик қилган фирмасини халқаро миқёсга олиб чиқди ва 1965 йилда уни Burmah компанияси сотиб олди. Тэтчернинг ўзи эса директорлар кенгаши аъзосига айланди. 

Маргарет Тэтчер бош вазир лавозимига ўтирганидан кейин у турмуш ўртоғига иқтисодий ва сиёсий масалаларда ёрдам берган, хорижий сафарларда унга ҳамроҳлик қилган, ижтимоий ва хайрия соҳасидаги вазифаларини кўпинча зимдан амалга оширган, зеро у омма эътиборини хушламаган ва журналистларга интервью бермаган.