Беларуснинг Брест вилоятида яшовчи, Владислав исмли ишсиз Onliner порталига бандлик хизматида ҳисобда турганлар учун мўлжалланган жамоатчилик ишлари ҳақида гапириб берди ва бу фаолият давомида олинган видеони намойиш қилди. 

Владислав бир йилдан кўпроқ ишсизлар ҳисобида туради ва ҳар ой бир кун ҳақ тўланувчи жамоатчилик ишларида ишлаб бериши керак. Охирги марта уни кўчатларни ўтказишга ёрдамлашиш учун қўшни колхозга юборишди. У ерда Владислав ва яна 10 нафар ишсизга антиқа иш таклиф қилинди.

"Бизнинг ёнимизга хўжаликдаги қандайдир раҳбар эркак келиб, иссиқхонага олиб борди. Иш кулгули эшитилса-да, фойдали эканини, яъни тупроқни зичлаш кераклигини айтди. Ҳаммамиз бирор бир зичлагич ёки шунга ўхшаш буюм берилади ва зичлаймиз деб ўйладик ва иссиқҳонага кирмадик. Эркак эса ичкарига киринглар ва тупроқни оёғингиз билан топтанг деб айтди. Ҳамма бир-бирига қараб, кулиб қўйди. Бу нимага керак экан, деб ўйладим. Шунда эркак "Мен жиддий гапиряпман, ишламоқчи бўлганлар кирсин, ким истамаса мажбурламайман", деб айтди. Барча 11 киши иссиқхонага кириб, видеода кўрганингизни қила бошлади", деб воқеани айтиб берди Владислав. 

11 киши иккита иссиқхонадаги ерни соат 9 дан 14 гача топтаган. Шундан кейин улар уйларига етказиб қўйилганлар.