Bristol автомобилсозлик компанияси 12 йилдаги илк машинасини Лондонда тақдим қилди. Спидстер моделидаги машина Bullet («Ўқ») деб номланди. Машинанинг намойиши компаниянинг 70 йиллигига бағишланган.

Янги машинанинг кўриниши июнь охиридаги жосуслик суратларида ошкор қилинганди. Автомобиль конструкциясида алюминий ва карбондан фойдаланилган, бунинг эвазига машинанинг оғирлиги 1130 кг ни ташкил қилган. 

Спорткар 370 от кучига эга 4,8 литрли, 8 цилиндрли атмосферали BMW двигатели билан ҳаракатга келтирилади. Узатмалар қутиси BMW томонидан ишлаб чиқариладиган олти поғонали "механика". Орқа приводли спорткар 100 км/соат тезликка 3,8 сонияда эришади. Унинг максимал тезлиги соатига 250 км ни ташкил қилади. 

"Ўқ"нинг салонида Bluetooth ва WiFi’ни қўллаб-қувватловчи сенсор экранли мультимедиа тизими ўрнатилган. Мижозларнинг танловига ёғоч ва карбондан тайёрланган бир нечта деталлар таклиф қилинади.

Bristol Bullet’дан 70 дона ишлаб чиқарилади. Бир дона машинанинг нархи 250 минг фунт стерлингни ташкил қилади. Машина 2017 йилдан бошлаб ишлаб чиқарилади. Машиналар сотиб бўлингач, компания электрокар ишлаб чиқаришни бошлайди.