Швейцария терма жамоаси футболчиси, янги мавсумда Лондоннинг «Арсенал» жамоасида ўйнай бошлайдиган Гранит Чака янги жамоадошлари қаршисида албан тилида қўшиқ куйлаб берди.

Бу кўплаб инглиз жамоаларидаги анъана доирасида рўй берди: Англиядаги клубларнинг футболчилари жамоанинг янги аъзоси ўзларига қўшиқ куйлаб беришини исташади. 23-ёшли Чака "канонирлар" жамоаси футболчиларини албан тилидаги қўшиқ билан хушнуд қилган. Бу ҳолат видеосини «Арсенал» дарвозабонларидан бири Дамиан Мартинес ўзининг Инстаграмдаги саҳифасига жойлаштирган.

Унда бу қўшиқ барчадан ҳам кўра кўпроқ коста-рикалик ҳужумчи Ҳоэл Кэмпбеллга ёққанини кўриш мумкин.

Келиб чиқишига кўра албан бўлган Гранит Чака шу йилнинг майида Менхенгладбахнинг «Боруссия» жамоасидан 30 млн фунт эвазига «Арсенал»га ўтганди.