Россиялик енгил атлетикачи, икки карра Олимпия чемпиони Елена Исинбаева Рио-де-Жанейродаги Олимпиадада иштирок этишга ҳануз умид қилмоқда.

"Эртага менда Риода иштирок этиш учун имконият бўлиш-бўлмаслиги аниқ бўлади. Яна 24 соат умид яшамоқда", деб айтди Исинбаева Instagram’даги саҳифасида.

Спортчи Россия президенти Владимир Путин билан учрашувда россиялик спортчиларни Олимпиадага кузата туриб йиғлаб юборди ва ўз мухлисларига қўллаб-қувватлов учун миннатдорчилик билдирди.

"Бугун президент қабулида алам кўз ёшларини ушлаб тура олмадим, кучли қизлар ҳам баъзида ҳис-туйғуларга енгиладилар. Ҳечқиси йўқ, бизни ўлдирмайдиган нарса – бизни янада кучли қилади. Менга "Елена сен ютдинг, чунки бизнинг юраклар сен билан" деб айтишди. Бу ҳақиқатан ҳам ҳар қандай ғалаба ва медалдан қадрлироқ", деб ёзди Исинбаева. 

Эслатиб ўтамиз, Халқаро Олимпия қўмитаси бутун Россия терма жамоасини Олимпиададаги иштирокдан маҳрум қилмади, бироқ Халқаро енгил атлетика федерацияси барча россиялик енгил атлетикачиларни ўйинларга қўймасликка қарор қилди.