Халқ банки: Аҳоли ва тадбиркорлар манфаати учун қайғуради

Иқтисодиёт 28 Июль 2016 14710

Ўтаётган ҳар бир кун бизни энг улуғ ва энг азиз байрамимиз – истиқлолнинг 25 йиллик тантаналарига тобора яқинлаштирмоқда. Ана шундай шукроналик дамларида ҳар бир киши ўз ўтмишини, кеча ва бугунини таққослашга, ютуқ ва камчиликларини таҳлил қилишга ҳаракат қилади. Зеро, Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизда тарихан қисқа даврда ҳуқуқий демократик давлат, кучли фуқаролик жамиятини барпо этиш, иқтисодиётимизни таркибий ўзгартириш ва ривожланган давлатлар қаторидан муносиб жой олишга қаратилган изчил ислоҳотлар амалга оширилди. Айниқса, тадбиркорликни ривожлантириш борасида улкан ишлар қилиндики, натижада “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” номи остидаги кўплаб миллий маҳсулотларимиз дунё юзини кўрди. Бунда, албатта, юртимизда фаолият кўрсатаётган молия муассасаларининг ўрни беқиёс.

Мустақиллик йилларида давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда соҳада тизимли ислоҳотлар рўёбга чиқарилиши, бу жараёнда тегишли Фармон ва қарорлар талаблари ҳаётга изчил татбиқ қилиниши самараси ўлароқ, юртимиз банклари қаторида Халқ банки ҳам мунтазам равишда “Standard & Рооr’s” халқаро рейтинг агентлигининг ижобий баҳосига сазовор бўлмоқда.

Халқ банки ҳам ана шундай эътирофларга ҳамоҳанг равишда тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга молиявий кўмак бериш, янги иш ўринларини яратиш, мамлакатимизнинг ишлаб чиқариш салоҳиятини янада ошириш борасида кўплаб лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда. 

Кичик бизнес — катта имкониятлар эшигини очмоқда

Бугунги кунда бозор иқтисодиётининг муҳим талаби – кам меҳнат сарфлаган ҳолда, кўпроқ ва сифатли маҳсулот ишлаб чиқариш, кишиларнинг талаб ва эҳтиёжларини тўла қондириш ва шу асосда фойда олишдан иборат. Бу борада ишлаб чиқариш жараёнидаги асосий ҳаракатлантирувчи куч —  тадбиркорлардир. 

Халқ банки томонидан жорий йилнинг I ярим йиллигида кичик бизнес вакилларининг 4 492 та лойиҳаларига 637,7 млрд. сўмлик кредитлар ажратилди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 147,8 млрд. сўмга ошиб, 130,2 фоизга ўсганидан далолат беради. Натижада мазкур соҳада 4 125 та янги иш ўринлари яратилди.

Айтиш жоизки, юртимизда кўплаб тадбиркорлик турларини олиб бориш имконияти мавжуд ва буни банкдан олинаётган кредитлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Авваллари банкдан пул олиб, бирор лойиҳани амалга ошириш учун кўп вақт ва тўсиқлардан ўтишга тўғри келарди. Бугун эса кредит олишнинг тартиб-қоидалари соддалаштирилиб, бу йўлдаги ғовларга қонуний йўл билан барҳам берилди.

Бир сўз билан айтганда, жорий йилнинг I ярим йиллиги давомида корхона ва ташкилотларга кредитлар ажратиш ва ташкилий кўмаклашиш орқали 17 228  та янги иш ўринлари яратилди. 

Хотин-қизлар ҳар жабҳада фаол

Мамлакатимизда хотин-қизларни ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларнинг оила ва жамиятдаги мавқеини мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, соғлом оилани шакллантиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда.

Халқ банки томонидан ҳам хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш, банк хизматларидан кенг фойдаланиш, уларнинг кредит олишлари ва ўз бизнесини йўлга қўйишлари учун қатор самарали ишлар амалга ошириб келинмоқда.

2016 йилнинг январь-июль ойларида хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожланти¬риш мақсадида банк томонидан 1 416 нафар тадбиркор аёлга 79,2 млрд. сўм миқдорида кредитлар ажратилгани ҳам юқоридаги фикрларнинг ёрқин ифодасидир. Ушбу кредитлар ҳисобига 886 та янги иш ўрни ташкил этилгани янада қувонарли ҳол.

Коллеж битирувчиси — бўлажак тадбиркор

Президентимиз раҳнамолигида ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида кадрлар тайёрлаш сифати ва самарадорлигини янада ошириш, коллеж битирувчилари бандлигини таъминлашга қаратилаётган алоҳида эътибор юксак самаралар бермоқда. 
Давлатимиз раҳбарининг 2010 йил 28 июлдаги “Таълим муассасаларининг битирувчиларини тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ва 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир. 

Касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш, янги иш ўринлари яратиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида банк томонидан касб-ҳунар коллежларининг 832 нафар битирувчиларига 19,7 млрд. сўмлик кредитлар ажратилди. Бунинг натижасида 900 га яқин янги иш ўринлари яратилди. Шуни унутмаслигимиз керакки, ўз фаолиятини йўлга қўйган тадбиркор бир нечта иш ўрни яратади. Бу эса қанчадан қанча оилаларнинг дастурхонига тўкинчилик, қут-барака олиб кириш билан баробар.

Истеъмол кредитлари — аҳоли эҳтиёжлари учун

Айтиш жоизки, кундалик турмушимизда фойдаланиладиган маиший техника воситалари, турли хил мебелларга ҳар бир оила эҳтиёж сезади. Бундай техника ва жиҳозларни сотиб олиш учун йиллаб маблағ жамғариш ўрнига тижорат банкларининг истеъмол кредитлари кўмагидан фойдаланиш ҳар томонлама қулай. Халқ банки ҳам ўз мижозлари манфаатини кўзлаб, жорий йилнинг ҳисобот санасида 7 280 нафар фуқароларга 40,2 млрд. сўм истеъмол кредитлари ажратди. 

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, истеъмол кредитлари — жисмоний шахсларга республикамизда ишлаб чиқарилган ва кундалик эҳтиёжларни қондиришга мўлжалланган маҳсулот ва хизматларни сотиб олиш учун берилади. Истеъмол кредити доимий яшаш жойига эга, ўз фаолияти натижасида доимий даромад оладиган, балоғат ёшига етган, ишга яроқли жисмоний шахсларга тақдим этилади.

Хулоса қилиб айтганда, Халқ банки филиаллари томонидан амалга оширилаётган ишларнинг аксарияти кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга, аҳоли турмуш даражасини янада яхшилашга, мижозларга хизмат кўрсатиш сифатини оширишга қаратилган. Бу эса, ўз навбатида, фуқароларимизнинг фаровон ҳаёт кечириши учун муҳим омил бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.

Банк ахборот хизмати.

Кўпроқ янгиликлар