АҚШ давлат котибининг Марказий Осиё бўйича ёрдамчисининг ўринбосари Дэниел Розенблюм анъанага биноан Марказий Осиё мамлакатлари журналистлари билан 28 июль куни радиомулоқот ўтказди. Мулоқотда Тожикистондан ташқари минтақадаги барча мамлакатлар - Ўзбекистон, Қирғизистон, Қозоғистон ва Туркманистонда фаолият юритувчи бир гуруҳ журналистлар иштирок этди.

Аввалига Дэниел Розенблюм келаси ҳафтанинг чоршанба куни Вашингтонда бўлиб ўтиши кутилаётган С5+1 (Марказий Осиёдаги бешта давлат - Ўзбекистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Туркманистон, Тожикистон ва АҚШ ташқи сиёсат маҳкамалари раҳбарлари) форматининг навбатдаги учрашуви ҳақида қисқача маълумот бериб ўтди. Маълумки, бу формат ўтган йилнинг ноябрь ойида Самарқандда ташкил этилган эди. Ўзбекистонда бошланган илк мулоқот эндиликда АҚШда давом этадиган бўлди. Вашингтон учрашувида минтақадаги барча мамлакатларнинг ташқи ишлар вазирлари иштирок этишларини тасдиқлаган. Дэниел Розенблюмнинг сўзларига қараганда Вашгингтонда Самарқанддаги тарихий учрашувнинг давоми ўтказилади. С5+1 дипломатлар мулоқоти бўлиб, унда муҳим масалалар бўйича ўзаро фикр алмашинилади. С5+1 кенг қамровли мулоқотлар форумидир. Асосан учта масала - иқтисодий, атроф-муҳит муҳофазаси ва хавфсизлик масалалари кўриб чиқилади. Тўртинчи масала минтақа давлатларидаги инсон ўлчови билан боғлиқ масала бўлиши айтилмоқда.

Кун тартибидаги масалалар бўйича махсус ишчи гуруҳи тузилган бўлиб, бу гуруҳ баҳор ойларида Бишкек ва Олмаотада йиғилиш ўтказди. Бир қатор лойиҳалар ишлаб чиқилиб, ташқи ишлар вазирларининг ҳукмига ҳавола этилади. АҚШ дипломатининг сўзларига қараганда Вашингтон учрашуви тарихий аҳамиятга эга бўлади. Ташқи ишлар вазирларининг тадбиркорлар, ишбилармонлар билан учрашуви ҳам режалаштирилган.

Ўз маърузасини тугатар экан, Дэниел Розенблюм ўз мустақиллигининг 25 йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўраётган мамлакат вакилларини чин қалбдан табриклади. Шундан сўнг савол-жавобларга  ўтилди.

Қирғизистонлик журналистлар ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаров тақдири ва АҚШ-Қирғизистон ўртасидаги стратегик ҳамкорлик истиқболлари билан қизиқишди. Қозоғистонлик журналистлар эса С5+1 анжуманида сўз эркинлиги ва инсон ҳуқуқлари муҳокама қилинадими, деб сўрашди. Шунингдек, терроризмга қарши курашда АҚШ Қозоғистонга қандай ёрдам бериши билан ҳам қизиқишди.

Туркманистонлик журналистлар ТАПИ - Туркманистон, Афғонистон, Покистон ва Ҳиндистонни боғловчи газ қувури тақдири борасида савол беришди.

Ўзбекистонлик журналистларни одам савдосига қарши курашда Ўзбекистон олиб бораётган кураш ва нима учун С5+1 формати учун айнан Самарқанд танлангани билан қизиқишди. Дэниел Розенблюм минтақадаги барча давлатларнинг хоҳиш-истаги ва розилиги билан илк анжуман Самарқандда ўтказилганини таъкидлаб ўтди. Унинг айтишича Самарқанд қадимий шаҳар бўлиб, Буюк Ипак йўлининг чорраҳасида жойлашган. Бу катта рамзий аҳамиятга эга. Анжуман иштирокчилари Регистонни бориб кўришди.

Журналистлардан бири бу йил АҚШда президентлик сайловлари бўлиб ўтишини, сайловлардан кейин янги маъмурият С5+1 форматига қизиқишини сусайтириши мумкинми, деган саволни ўртага ташлади. Бу саволга жавоб берган Дэниел Розенблюм ўзи профессионал дипломат эканини эслатиб ўтди ва Билл Клинтоннинг Жорж Бушга, Жорж Бушнинг Барак Обамага ваколатларни топшириш жараёнларида иштирок этганини, Оқ уй ташқи сиёсатида деярли ўзгариш бўлмаслигини айтар экан, янги маъмурият С5+1 форматини сақлаб қолишига умид билдирди.

Шарофиддин Тўлаганов