Мексиканинг Сакатекас шаҳрида ўқитувчилар касаба уюшмаси анжуманида иштирокчилар орасида оммавий тўполон чиқди. Бу ҳақда маҳаллий Segundo a Segundo сайти хабар берди.

Анжуманда касаба уюшманинг янги етакчиси сайланди. Айнан шу ҳолат тўполонга сабаб бўлган. Бундай ҳолларда одат бўлганидек, бир номзоднинг ғалабаси иккинчи номзод тарафдорларини қониқтирмади. Бироқ мексикалик ўқитувчилар ўз норозиликларини тинчгина билдиришни исташмади ва буни анжуманлар залида кўрсатишга қарор қилишди.

Видеода жиддий костюмлардаги эркак ва аёллар даҳанаки жангдан кейин бир-бирларига қўл кўтаришга ўтганларини кўриш мумкин. Сўнгра икки қарама-қарши томон бир-бирига стуллар ота бошлаган. Бир неча дақиқадан кейин зал ҳақиқий жанг майдонига айланиб кетди. ОАВда 15 киши жароҳатлангани айтилмоқда.

Ўқитувчиларнинг асаблари дош бера олмаганига сабаб бор, чунки улар бир йилдан кўпроқ вақтдан бери мамлакатдаги таълим соҳасидаги ислоҳотларга норозилик билдириб келишмоқда.