Мутахассислар Москвада 4 ёшли қизчани ўлдирган ўзбекистонлик энага Гулчеҳра Бобоқуловани ақли норасо деб тан олишди. Бу ҳақда журналистларга суддаги таржимон Аҳмад Аҳмадов маълум қилди. 

Москванинг Пресненск суди Бобоқулованинг ҳибсга олинишини 29 августгача узайтирди.

ТАСС ахборот агентлигининг суддаги мухбирининг маълум қилишича, суд йиғилишида Бобоқулова йиғлаб юборган ва уни даволанишга ватани – Самарқандга юборишни сўраган.

Москвалик оиланинг уйида энага бўлиб ишлаган Бобоқулова ёш болани ваҳший ўлдиришда гумон қилиниб ҳибсга олинганди. Унга "Ёш боланинг қотиллиги" моддаси бўйича айблов қўйилган.  

4 ёшли қизчанинг жасади 29 февралда ўз уйида ёнғин ўчирилгандан кейин топилган. Терговчиларнинг ўрнатишича, энага қизчанинг ота-онаси ва акаси кетишини пойлаб, қизчани ўлдирган, сўнгра уйга ўт қўйиб, воқеа жойидан кетган. Полициячилар Бобоқуловани ўша куни метро станцияларидан бири олдида қўлга олишган.