Туркия Адлия вазири Бекир Бўздоғ Фатҳуллоҳ Гулен айни вақтда АҚШда бўлмаслиги мумкинлигини айтди.

"Разведка олган маълумотларга кўра, у (Гулен - таҳр.) бошқа мамлакатга қочиб кетган бўлиши мумкин", деган у Haberturk эфирида.

Гулен Канада, Миср, Австралия, ЖАР ёки Мексикага кўчиб ўтган бўлиши мумкинлиги айтилган.

У шунингдек, Гулен "40 йил давомида давлат тўнтаришига тайёрлангани"ни айтган. Вазирнинг фикрича, у давлат тўнтариши муваффақиятли амалга ошган тақдирда, худди Эрондаги инқилобдан кейин Хоманеий Париждан ватанига қайтгани каби у ҳам Туркияга қайтишни режалаштирганди.

15 июль оқшомида Туркияда ҳарбийлар давлат тўнтаришга уринишди. Истнабул ва Анқарага танклар олиб кирилди. Лекин 16 июль тонгида исён бостирилди.

Кейинги кунларда мамлакат бўйлаб ялпи тозалаш ишлари олиб борилмоқда. Шу вақтга қадар исёнга алоқадорлиги гумон қилинган 15 мингдан ортиқ киши қўлга олинган.

Туркия президенти исён бошланган вақтдаёқ, бу исён ортида АҚШда истиқомат қилувчи Фатҳуллоҳ Гулен тургани ҳақида маълум қилди. Гулен бу айбловни буткул инкор этмоқда. Туркия уни экстрадиция қилиши учун АҚШга расмий сўров жўнатган.