Ўзбекистон фуқаролари МДҲ давлатлари ичида ўзларини энг хавфсиз ҳис қилиши маълум бўлди. Американинг Gallup компанияси ўтказган сўровнома асосида хабар берган UzDaily нашрида шундай дейилган.

Gallup компанияси дунёнинг 134дан ортиқ мамлакатлари фуқаролари ўртасида улар яшайдиган ҳудудлардаги жиноят даражаси ва маҳаллий ҳуқуқ муҳофазачилари фаолиятининг ишончлилиги бўйича сўров ўтказди.  Рейтинг минтақалар бўйича тузилди. Олинган маълумотлар «Бутунжаҳон қонун ва тартиб индекси» номли ҳисоботига киритилган.

Ушбу сўровнома натижасига кўра, 2015 йил якуни бўйича Ўзбекистоннинг қонун ва тартиб индекси 90 баллни ташкил қилди. Ўзбекистон бу индекс бўйича Исландия билан 2 ва 3-ўринни бўлишиб олган. Сингапур 93 индекс кўрсаткичи билан биринчи ўринни эгаллаган.

Тожикистон қонун ва тартиб индексида 89 балл билан тўртинчи, Швейцария 88 балл билан бешинчи поғонада қайд этилган.

2014 йил натижаларига кўра, МДҲнинг бошқа икки давлати, Қозоғистон ва Россиянинг қонун ва тартиб индекси бўйича кўрсаткичи мос равишда 71 ва 62 баллни ташкил қилганди.