З август куни АҚШ пойтахти Вашингтон шаҳрида Марказий Осиё мамлакатларининг Ташқи ишлар вазирлари иштирокида «С5+1» форматидаги йиғилиш ўтказилади. Бу ҳақда АҚШ давлат котибининг Марказий Осиё масалалари бўйича ўринбосари Дэниел Розенблюм конференц-колл вақтида маълум қилди.

4-6 апрель кунлари Марказий Осиё давлатлари вакиллари ва АҚШ вакили Инвестициялар ва савдо кенгаши доирасида (ТИФА) учрашган, шунингдек, «С5+1» формати билан боғлиқ иқтисодий ҳамда ҳудудий масалалар бўйича ишчи гуруҳ йиғилиши ўтказилганди.

Ишчи гуруҳ аниқ лойиҳалар бўйича ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилганди ва АҚШда ёз фасли давомида кейинги учрашув ўтказилиши белгиланганди.

2015 йилнинг 1 ноябрь куни Самарқанд шаҳридаги Форумлар мажмуасида Марказий Осиёнинг беш мамлакати ва Америка Қўшма Штатлари ташқи сиёсат маҳкамалари раҳбарларининг учрашуви бўлиб ўтганди. 

Мажлисда сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳаларда ўзаро ҳамкорлик истиқболлари тўғрисида фикр алмашилиб, халқаро ва минтақавий долзарб масалалар муҳокама этилганди.

Учрашув якунида Марказий Осиёнинг беш мамлакати ва АҚШ ўртасида Шериклик ва ҳамкорлик тўғрисида қўшма декларация қабул қилинганди. Тадбир иштирокчилари олти давлат ташқи сиёсат маҳкамалари ўртасида умум манфаатдор масалалар юзасидан мунтазам сиёсий мулоқот ўтказиш бўйича ўзаро ҳамкорликнинг янги формати – «С5+1»ни ташкил этишни маъқуллаганди.