Афғонистон Жаҳон Савдо Ташкилотига (ЖСТ) 164-аъзо бўлиб кирди. Қоидаларга кўра, Афғонистоннинг ЖСТга қўшилиш қарори 29 июлда автоматик равишда кучга кирди, чунки Кобулдан ташкилотга кириш ҳақида баённоманинг маъқуллангани ҳақидаги расмий огоҳлантириш олинганига 30 кун бўлди. 

Женевада ташкилот матбуот хизмати маълум қилганидек, Афғонистон баённоманинг парламент томонидан ратификация қилингани ҳақидаги ҳужжатларни 30 июнда ЖСТ бош қароргоҳига топширганди. Шу тариқа "Афғонистоннинг ташкилотга аъзо бўлиши бўйича охирги тўсиқ бартараф қилинган".   

Афғонистон ташкилотга кириш бўйича аризани 2004 йилда йўллаган. Бу масала бўйича музокаралар 2015 йил ноябрда муваффақиятли якунланган, 17 декабрда эса ЖСТнинг Найробидаги вазирлар анжуманида Афғонистоннинг ташкилотга кириши ҳақидаги баённома имзоланган. Афғонистон парламенти бу ҳужжатни 18 июнда маъқуллаган. 

Ташкилот бош қароргоҳида таъкидланишича, Афғонистон БМТ томонидан энг кам ривожланган деб топилган 48 та давлатдан иборат рўйхатга кирувчи ЖСТга аъзо бўлган 9-давлат бўлди. 14 июлда ЖСТга шу рўйхатга кирувчи Либерия 163-аъзо бўлиб кирганди.  

Айни вақтда ташкилотга кириш бўйича 19 та давлат, жумладан 7 та Африка давлати музокаралар олиб бормоқда. ЖСТ ташкил топган 1995 йилдан бери унга 36 та давлат қўшилган.

ЖСТ дунё савдоси соҳасида назоратчилик вазифаларини амалга оширувчи ягона халқаро ташкилот ҳисобланади. Унинг асосий вазифаси савдони янада эркинлаштириш ва адолатли рақобат шароитларини яратишдан иборат. ЖСТ 1947 йилдан амал қилган Тарифлар ва савдо бўйича бош келишувнинг вориси ҳисобланади.