Жаҳон енгил атлетика федерацияси (IAAF) лангарчўп билан баландликка сакраш бўйича 2 карра Олимпия чемпиони, россиялик Елена Исинбаевага Риодаги Олимпиада иштирок этишни батамом рад этди.

"Мўъжиза юз бермади", деб ёзди Елена бунга изоҳ бериб инстаграмида. Бундан аввалроқ у "яна 24 соат умид борлигини" айтганди.

"Ҳурматли дўстлар ва ОАВ, гўёки мен ИААФга Риодаги Олимпиадада иштирок этиш ҳақида ариза бермаганим тўғрисидаги ахборот ёлғондир. 20 дақиқа аввал мен ИААФ котибидан рад жавобини олдим. Афсуски, менга истисно тариқасида рухсат берилмади. Мени Риодага Олимпиадага қўйишмади. Мўъжиза юз бермади. БАРЧАНГИЗГА ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛОВ УЧУН КАТТА РАҲМАТ! Риода иштирок этиш тақдир эмас экан!", деб ёзди Исинбаева.

Бу орада Россия терма жамоаси Рио-де-Жанейрога етиб келди. Спортчилар самолёти 28 июлда Шереметьево аэропортидан парвоз қилганди.

Ўтган ҳафтада Россия Олимпия қўмитаси Олимпиадага борадиган 387 нафар спортчидан иборат рўйхатни тасдиқлаганди. Уларнинг орасида 68 нафари енгил атлетикачилар бўлган. Бироқ улардан фақатгина узунликка сакраш бўйича енгил атлетикачи Дарья Клишина Олимпиадага қўйилди. Спортчи охирги йилларда АҚШда машғулот ўтказиб келади. Ҳаммаси бўлиб 109 нафар россиялик спортчи Олимпиададан четлаштирилди. Улар орасида 27 нафар эшкакчи, 7 нафар сузувчи, елканли спорт ва бешкураш вакиллари бор.