Эронда бир гуруҳ аёллар велосипед бошқарганлари учун қамоққа олинди, деб хабар қилмоқда Эрон Миллий қаршилик кенгаши.

Ташкилот сайтида аниқлик киритилишича, аёллар 26 июль кунги веломусобақада иштирок этмоқчи  бўлганлар. Мусобақада иштирок этувчилар Мариван шаҳри марказидан Заривар кўлигача бўлган 5 кмлик масофани босиб ўтишлари керак бўлган. Бироқ, аёллар жамоасига полиция ходимлари келиб, ҳукуматнинг янги буйруғига асосан, аёлларнинг жамоат жойларида велосипед учишлари ноқонуний эканини билдиришган. 

Ҳуқуқ посбонлари қоидабузарлардан жамоат жойларида бошқа велосипед учмасликлари тўғрисидаги тушунтириш мактубини олганларидан кейин, уларни қўйиб юборишган. Фаолроқ қаршилик кўрсатганлар полиция маҳкамасига олиб кетилган.