“Теракт”, “қотиллик”, “босқинчилик”, “ҳалокат”... ХХI асрга келиб бу каби сўзларга бирмунча совуққонлик билан қараймиз. Ҳа, албатта, бу каби тажовузлар илгари ҳам бўлган. Бироқ уларнинг ҳаммасидан ҳам хабардор бўлишнинг имкони йўқ эди. Бугун эса ахборот асри тараққиёти ўлароқ, дунёда юз берган ҳар қандай нохушлик бир зумда ахборот тизимлари орқали тарқалиб кетмоқда. Психологларнинг фикрига қараганда, кишилардаги бефарқлик туйғусининг вужудга келиши ахборот асри эврилишлари билан бевосита алоқадордир.  Хўш, боғлиқлик нимада? Психолог Зебуннисо Аҳмедова буни қуйидагича изоҳлайди:

– Одамлар турли хунрезликлар, қон тўкишлар ҳақида шу қадар кўп ахборот олмоқдаки, оқибатда кундалик ҳаётда юз бераётган оддий нохушликларга хотиржам қарайдиган бўлиб қолишди. Айтайлик, Суриядаги шавқатсиз уруш лавҳаларини интернет, телевидение орқали барча кузатиб бормоқда. Шу боис, кундалик ҳаётда, масалан, кўчада йиқилиб тушган болачани кўрганда унга раҳми келмаслиги ёки  бошқа кулфатга дучор бўлган одамга ҳамдардлик билдирмай, лоқайд ўтиб кетиши мумкин. Бу оддий психологиядир. Катта талофатлар ҳақида ҳар куни чекланмаган миқдорда ахборот оладиган одамнинг дийдаси қотиб кетиши тайин. 

Қизиқ, бугун инсоният онги ва руҳиятида юз бераётган жамики ўзгаришларнинг умумий махражи ахборот хуружларига бориб тақалмоқда. Бироқ ахборот-психологик хавфсизликни таъминлашнинг иложи борми? Одамларнинг бир-бирига лоқайдлиги муаммолигича қоладими? 

–  Бефарқлик азалдан мавжуд бўлиб келган социолик-фалсафий категориядир, – дейди социология фанлари номзоди Назокат Алимова, – Бироқ сўнгги йилларда бу иллат жамиятда айниқса чуқур илдиз отди. Бунинг сабаби сифатида Ғарб мамлакатлари мафкураси лоқайдликни урф, тенденцияга айлантирганини айтиш мумкин. Масалан, “Ҳаётдан баҳра ол”, “Ўзинг учун яша”, “Ўз бахтинг учун кураш” каби шиорлар остидаги турли медиа-маҳсулотлар, айниқса шу ғояга асосланган фильмлар кўпайиб кетди. Бу одамдаги “мен” деган эгоистик детерминаторни ривожлантириб юборади. Одам “мен”ни қанча юқорига қўйса, “у” ва “улар”га нисбатан шу қадар лоқайд ва бефарқ бўлиб боради. 
    
“Инсонга нисбатан содир этилиши мумкин бўлган энг кабиҳ жиноят нафрат эмас, балки бефарқликдир” , – деган эди буюк инглиз адиби Бернард Шоу. Бефарқлик жиноят бўлса, ҳеч ўйлаб кўрганмизми, бизнинг ўзимиз бу жиноятни неча марта содир этганмиз? Неча бор ёрдамга мухтож кишининг олдидан бефарқ ўтиб кетиб, неча бор жиноятчи бўлганмиз? 

Моҳларойим ҚАЮМОВА