«Ювентус» жамоаси ярим ҳимоячиси Поль Погба «Манчестер Юнайтед»га ўтиш арафасида турибди.

Daily Mail маълумотига кўра, айни вақтда таътилни Флоридада ўтказаётган франциялик футболчи Лос-Анжелесда манчестерликлар жамоаси учун тиббий кўрикдан ўтади.

Бундан олдинроқ Football Italiа нашри  «МЮ» футболчининг агенти Мино Райола билан келишувга эришиб бўлгани ва яқин вақт ичида трансфер ҳақида эълон қилиниши айтилганди. Погба учун туринликлар жамоасига 110 миллион евро, трансферни ҳал қилгани учун Мино Райолага трансфер қийматининг 20 фоизи тўланади.

Бундан ташқари, «Ювентус» Погбанинг «МЮ» билан шартномани узайтириши ва у «Олтин тўп»ни қўлга киритиши эвазига қўшимча бонуслар олади.

«Қизил иблислар» Погба билан 5 йиллик шартнома тузади ва унинг ҳафталик маоши миқдори 290 минг фунтни ташкил этади.

«Ювентус» солиқлар туфайли трансфер қийматини 110 миллион евро эмас, 100 миллион евро деб эълон қилади.

Погба 2012 йилда «МЮ» эркин агент сифатида тарк этганди. Футболчини тайёрлаб бергани учун «Ювентус» манкунианликларга 800 минг фунт миқдорида компенсация тўлаган.

Погба ўтган мавсумда жамоасининг 42 учрашувида майдонга тушиб, 10 гол урган ва 12та голли пас муаллифи бўлган.

Манба: Tribuna.uz