Оғир атлетика бўйича Россия терма жамоаси Олимпиадада иштирок этишдан четлатилди, деб маълум қилди Халқаро оғир атлетика федерацияси ўз сайтида.

Олимпиадада ҳаммаси бўлиб 8 нафар россиялик оғир атлетикачи иштирок этиши керак эди. Олимпиадада россиялик аёл оғир атлетикачиларга тегишли бўлган ўринларни Албания, Грузия ва Молдавия вакиллари олади. Эркаклар терма жамоаси учун ажратилган ўринлар эса Бельгия, Хорватия, Сальвадор, Мўғилистон ва Сербия вакиллари орасида тақсимланади.

IWF Ричард Макларен бошчилигидаги WADA комиссияси ҳисоботини ўрганиб ва Халқаро Олимпия қўмитасининг қарори ҳамда 2008 ва 2012 йилги Олимпиадалардаги допинг-синовларни қайта текшириш ҳақидаги маълумотларни эътиборга олган. Натижада Россия терма жамоасини Риодаги Олимпиадага қўймасликка қарор қилинган. 

IWF россияликлар учун қайта текширилган камида 7 та допинг-синов ижобий натижа бергани ва бу рақам якуний эмаслигини маълум қилди. 

"Оғир атлетиканинг спорт тури сифатидаги яхлитлиги Россия вакиллари томонидан турли даражаларда ва кўп маротаба бузилган. Шунинг учун бу спорт турини ҳимоя қилиш учун тегишли санкциялар қўллашга қарор қилинди", дейилмоқда IWF сайтида.