Россия президентининг матбуот хизмати бошлиғи Дмитрий Песков давлат раҳбари Владимир Путиннинг Россия ва Туркия терма жамоалари ўртасида август ойи охирида ўтказилиши кутилаётган ўртоқлик учрашувига бориши мумкинлигини истисно этмади.

"Ҳозир графикда бу сафар белгиланмаган. Ҳозир президент Туркияга футбол кўриш учун боради, деб айта олмайман. Лекин ҳеч нарсани истисно қилиб бўлмайди", деган у журналистларга.

Айни вақтда Туркия футбол федерацияси ҳамда Россия Футбол иттифоқи томони икки терма жамоанинг ўртоқлик учрашувини ташкиллаштириш бўйича музокара ўтказмоқда.

Бундан олдинроқ, Туркиядаги нашрлардан бирида август ойи охирида Анталья шаҳрида Туркия ва Россия миллий терма жамоаси ўртасида ўртоқлик учрашуви ўтказилиши, Туркия раҳбари Ражаб Эрдўған 9 август куни Санкт-Петербургга сафари вақтида Владимир Путинни бу учрашувни бирга стадионда ўтириб кўришга таклиф қилиши ҳақида хабар берилганди.