Жанубий Корея Республикаси КХДР ҳукуматини 10 млндан ортиқ жанубий кореяликларнинг шахсий маълумотларини ўғирлашда айбламоқда, дея хабар қилган The South China Morning Post.

Сеул маъмуриятининг уқдиришича, мамлакатдаги йирик онлайн аукционлардан бири — Interpark серверлари хакерлик ҳужуми нишони бўлган. Маълумотларни ўғирлаган ғаразгўй хакер, тўлов талаб қилиб мактуб йўллаган ва маблағни биткоинларда ўтказишни сўраган. Мактубда шимолий корейс тили лаҳжасига оид сўз ва иборалар бўлган. 

Кимошди савдо компанияси товон пули тўлашни рад этиб, полиция ҳамда махсус хизматларга мурожаат қилишга қарор қилган. Олиб борилган суриштирув ишлари якунларига кўра, бузғунчилар аввалги киберҳужумларда шимолий кореялик хакерлар қўллаган IP-манзиллар ва кодлардан фойдалангани аниқланган. 

Умумий ҳисобда, Корея махсус хизматига кўра, сўнгги ойларда КХДРлик хакерлар 160та компания ва ҳукумат идораларидаги 140 мингдан ортиқ компьютерни ишдан чиқарган. Расмий Пхеньян бу айбловларни рад этмоқда.