Туркия ҳукумати давлат тўнтаришига уриниш вақтида унга қаршилик кўрсатган ва натижада ҳалок бўлган ёки яраланганлар оиласига товон пули миқдорини белгилади. Бу ҳақда “Анатолу” ахборот агентлиги хабар бермоқда.

Яраланганлар оиласига ҳар ойда минимал тарзда 3203 Туркия лираси (Минг доллар атрофида) пул тўлаб борилади. Ҳалок бўлганларнинг оиласига эса 88,6 минг лира (29,4 минг доллар атрофида) товон пули берилади.

Бундан ташқари, ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ҳарбийларнинг оила аъзолари сингари ҳар ойда маълум миқдорда пенсия олиб туради.

Ногирон бўлиб қолганларга эса бир марталик 177,2 минг лира (58,8 минг доллар) тайинланди. Ҳалок бўлган ва яраланганларнинг оила аъзолари давлат секторларида бемалол ишлаш имкониятига эга бўлишди.