Туркиядаги муваффақиятсиз ҳарбий давлат тўнтаришига уринишдан кейин бошланган ялпи тозалаш ишлари доирасида ҳибсга олинганлар сони 18 минг нафардан ошди. Бу ҳақда мамлакат ички ишлар вазири Эфкан Ала маълум қилган.

"Бугунги кунга келиб исёнга алоқадорликда гумон қилингани учун қўлга олинган шахслар сони 18 044 нафар. Шулардан 9677 нафарини қамоққа ташлаш ҳақида буйруқ чиқарилган", дея унинг сўзларини келтиради РИА Новости агентлиги маҳаллий нашрларга асосланиб.

У шунингдек, Туркия ҳукумати 49 211 кишининг паспорти бекор қилингани ҳақида қўшимча қилган.

Бундан олдинроқ, маҳаллий нашрлар Туркия қамоқхоналарида янги қўлга олинганларни жойлаштириш учун жой етишмаётгани ҳақида ёзганди.

16 июлга ўтар кечаси ҳарбийлар Туркияда давлат тўнтариши амалга оширишга уринишди. Асосий қарама-қаршиликлар Анқара ва Истанбул шаҳарларида рўй берди. Якунда Эрдўған тарафдорлари устун келди ва исён бостирилди. Тўқнашувлар вақтида тинч аҳоли вакилларидан 246 киши ҳалок бўлган ва 2000га яқин киши жароҳатланган. Исёнчилар орасида ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганлар ҳисоби келтирилмаган.