Ўзбекистонлик 15 нафар мутахассис август ойида Япония ҳукуматининг «Кадрларни тайёрлаш учун стипендия тақдим этиш» дастури бўйича магистратурада таҳсил олиш учун кунчиқар юртга отланади. Дастур бўйича алмашинув ноталари 29 июль куни Тошкентда Япония элчиси Фумихико Като ва Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Адҳам Икрамов томонидан имзоланди.

Япония элчихонаси матбуот хизмати маълум қилишича, бу Ўзбекистон мутахассисларининг кунчиқар мамлакатда 17- маротаба малака ошириши бўлади. 1999 йилдан буён Япония олий таълим муассасаларида магистратурада таҳсил олиш дастури бўйича жами бўлиб 280 нафар ўзбекистонлик малака оширди. Ушбу муддат давомида Япония ҳукумати 4,841 млрд иен, жумладан, 2016 ва 2017 йилларда 459 млн иен (4,3 млн доллар) ажратади.

Лойиҳадан кўзланган мақсад — келгусида иқтисодиёт, молия ва қонунчилик тизими каби соҳаларда давлатни ривожлантириш стратегиясига бевосита жалб этиладиган давлат хизматчилари ва мутахассислар сифатидаги малакали кадрларни тайёрлашдан иборат ҳисобланади.