Бугун Россия футбол биринчилигининг биринчи тур ўйинларига старт берилади. Шу билан 2016/17 йилги чемпионат бош соврини учун кураш бошланади. Бу йилги мавсумда ҳам Москванинг ЦСКА ва Петербургнинг  "Зенит" жамоаси бош соврин учун асосий даъвогарлар ҳисобланмоқда. Петербург жамоаси ўтган мавсумда мураббийни алмаштиргач, мамлакат Суперкубогини ютиб олди. 

Янги мавсумда премьер-лигада одатдагидек 16та жамоа куч синашади. Унинг тарихида биринчи марта Москванинг "Динамо" жамоаси иштирок этмайди.

Мавсум бошланиши аввалида, Россиянинг етакчи клублари ўзларининг юлдуз ўйичиларидан айрилишгани баробарида таркибларини кучайтиришмади. ЦСКА ўзининг ҳужум чизиғи етакчиси Аҳмад Мусани "Лестер"га қўйиб юборди. 

Ўтган мавсумда учинчи ўринга тушиб кетган "Зенит" ҳам бош юлдузи Халксиз қолди. Бироқ, жамоанинг янги бош мураббийи Мирча Луческу, бразилиялик ўйинчисиз ҳам мавсумдаги биринчи совринини қўлга киритди. "Зенит" таркибига қўшилган бразилиялик яримҳимоячи Жулиано эса, оғир жароҳат олган Данни ўрнини эгаллаши лозим.

Ўтган мавсумнинг вице-чемпиони "Ростов" бош мураббий Қурбон Бердиев билан янги мавсумда ҳам таркибини ўзгартирмаган ҳолда кучини синаб кўради. Одатда юқори ўринларга даъвогарлик қиладиган "Краснодар" таркиби ҳам кучайгани йўқ. Москванинг "Спартак" жамоаси биринчи галда бразилиялик яримҳимоячи Фернандони қўшиб олди. У, Италиянинг "Сампдория" клубида тўп сурган. Шунингдек, Дмитрий Аленичев мураббийлик штабига "Ювентус" ва Италия термасида Антонио Контега ёрдам берган Массимо Каррера қабул қилинди. 

Умуман олганда, Россия биринчилигидаги фаворит жамоалар таркибининг унчалик ҳам кучли бўлмагани, ўртаҳол жамоаларга имкон беради. Бу йилги мавсумнинг 30 тури 2017 йил 21 май куни ўтказилади.

Манба: Tribuna.Uz