Гватемала футбол федерациясининг собиқ президенти Брайан Хименес Америка адлияси томонидан Халқаро футбол федерацияси (ФИФА)нинг коррупция ишида айбланган эди. У 29 июль куни Нью-Йоркда ўтган федерал судда ўз айбини тан олди. Бу ҳақда Associated Press агентлиги хабар бермоқда.

Агентлик маълумотига кўра, 62 ёшли Хименес товламачилик, шунингдек, фирибгарлик қилганлигига иқрор бўлган. Ҳар бир айблов бўйича унга 20 йиллик қамоқ жазоси тайинланиши мумкин.

Маълумотда тасдиқланишича, Хименес Флорида штатидаги спорт маркетинги компаниясидан бир неча бор юз минг долларлаб пора олган. Эвазига эса Гватемала терма жамоасининг 2018 ва 2022 йилларда ўтадиган жаҳон чемпионати саралаш баҳсларида реклама уюштирувчи компанияларнинг маълумотларини тақдим этган. 

Эслатиб ўтамиз, Хименес жорий йилнинг 12 январь куни Гватемалада қўлга олинган эди. Март бошида эса ҳукумат уни АҚШга топширганди.