Турли юқори технологияларнинг ривожланиши, улар билан боғлиқ бошқа соҳаларга ҳам ўзининг ижобий таъсирини кўрсатмай қолмаяпти. Ақлли телефон, ақлли соат, ақлли...Мазкур юксак технологияларнинг автомобилсозлик саноатига кириб келиши эса, автомобиль ишлаб чиқариш соҳаси маҳсулотларини янада ҳайратланарли, жозибадор, қулай ва ихчам қилиб, мижозлар эътиборига ҳавола қилиш имконини бермоқда. 

Юксак технологияли автомобиль ибораси турмуш тарзимизга тобора сингиб бораяпти. Қуйида эътиборингизга, яқин келажакда инсониятнинг оғирини енгил қилиш учун ишлаб чиқариладиган, файзли ва юқори технологиялар билан жиҳозланган автомобиллар ўнлигини ҳавола этамиз. 

1. Rolls-Royce Vision 100 концепти гўёки дунёмизга «Тахт» фильмидан тушгандек тасаввур уйғотса ажабмас. Тўлиқ ўзиюрар лойиҳада ишлаб чиқиладиган автомобилда, табиийки ҳайдовчи ўриндиғи ва руль ғилдираги бўлмайди. Бунинг ўрнига орқа ўриндиқлар жойига шоҳона ипак матоли икки кишилик диван ўрнатилади. Унинг қаршисига кенг OLED телевизор осилади. 

2. BMW Vision Next 100 модели ҳам Rolls-Royce концептига мос келади, бироқ, ундан фарқли ўлароқ, ҳайдовчига машинани бошқаришда танлов қолдиради: у хоҳласа ўзи бошқаради, хоҳласа мустақил бошқарув тизимига ўтказади. Унга ўрнатилган навигация тизими йўналишни танлагач, қўшимча маълумотни бош ойнада акс эттиради. 

3. Буниси энди айни ўша немис компаниясининг Mini Vision Next 100 русумли автомобили. BMW концерни фикрича, бу машина бошқарувни баҳам кўриш маданияти, яъни бир машинадан биргаликда фойдаланишга мос келади. Mini Vision Next 100 салон шифти ва ёритиш тизимлари тусини ўзгартириш мумкин. 

4. Mercedes компанияси эса, аэродинамик кўрсаткичларни яхшилаш имконини берувчи кузов шакли ўзгарадиган концепт-кар ишлаб чиқара олди. Машина, соатига 80 км тезликка эришганида корпусининг шакли ўзгаради ва ҳаракат самарадорлигини оширади. У, шунингдек, симсиз алоқа тизимига эга. Бу бошқа машиналар билан ўзаро алоқа ўрнатиш билан уларни олдиндаги хавф-хатардан огоҳ этиш имконини беради.  

5. Nissan компанияси Teatro for Dayz концептининг интерьери тўлик ёруғлиқ панелларига эга бўлиб, унда ҳар қандай тасвирни акс эттириш мумкин. Электрик концепт-карнинг приборлар панелидан видеоқўнғироқ қилиш ҳам мумкин. 

6. Audi компаниясининг Audi h-tron концепти ҳақиқий келажак учун мўлжалланган. Бу автомобиль водородда ҳаракатланади. У, бир марта водородни тўлдиргач, 600 кмгача масофани ортда қолдиради. Машина 100 км/соат тезликка 7,1 сонияда эриша олса-да, Audi уни оммавий ишлаб чиқаришга қизиқаётгани йўқ. 

7. Suzuki Air Triser концепти уч қатор ўриндиқлар билан жиҳозланган бўлиб, уларнинг шаклини ўзгартириш орқали машинани осонгина меҳмонхонага айлантириш мумкин. Бундан ташқари, унинг марказий устунида ўрнатилган дисплей орқали смартфон ва планшет видеосини томоша қилса бўлади. 

8. Rinspeed компанияси ўзи ишлаб чиққан юқори технологияли концепт-карини Σtos деб номлаб, уни харид қилганга квадрокоптёр ҳадя қилади, машинанинг орқа капоти қўниш майдончасига айланади. Дронни машина ичидаги сенсорли экранлар воситасида бошқариш мумкин. Бундан ташқари, машина ҳайдовчисиз ҳам юра олгани сабаб, лозим бўлган вақтда, руль приборлар панели ичига йиғилади. 

 

9. Porsche Mission E — бутунлай электрлаштирилган концепт-кар. У фантастик интерфейсга эга. У, ҳайдовчи нигоҳини кузата олади. Хусусан, радиони қўйиш учун унга назар солишнинг ўзи кифоя қилади. Голографик экран эса, қўл ҳаракати билан ҳам бошқаришга имкон беради. Хавфсизлик ойналари вазифасини бажарувчи камералар орқа тасвирларни олд ойнанинг бурчагида намойиш этади. Бир марта қувват олган электромобиль 500 км юра олади. Porsche мазкур машиналарни 5 йил ичида серияли ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ниятида. 

10. Faraday Future стартапи шу йилнинг январь ойида, бэтмобилга ўхшаш концепт-карини намойиш этганди. У, ҳайдовчининг қизиқишларига мослаша олади. Бу машина ҳам мустақил ҳаракатлана олиб, энг юқори тезлигини соатига 320 кмга етказа олади.