LG Electronics компаниясининг даромади хўжалик техникалари ва қиммат телевизорлар савдосининг ортиши билан 1/5 қисмга ўсди. Бироқ, Жанубий Корея компанияси смартфонлар бозорида зарар кўришда давом этмоқда. 

Associated Press агентлигининг LG молиявий ҳисоботига асосланган ҳолда хабар қилишича, компаниянинг 2016-йил апрель–июнь ойларидаги даромади 268,5 млрд вон (238,6 млн доллар)ни ташкил этган, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 19 фоизга кўп демакдир. Нақд пул тушуми 14 трлн вон (12,4 млрд доллар)га етган. Бу борада, ўтган йилги натижа деярли ўзгармаган. 

2016-йилнинг иккинчи чорагида LG компаниясининг амалий даромади ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 140 фоизга ўсган ва 584,6 млрд вон (519,6 млн доллар)дан иборат бўлган. Бу эса, сўнгги икки йилдаги энг йирик натижадир. 

Reuters агентлигининг эътирофига кўра, 7 чоракдан буён LG компаниясининг хўжалик техникалари ишлаб чиқарувчи бўлинмаси энг кўп амалий фойдани келтирмоқда. Бу йил иккинчи чоракдаги даромад рекорд кўрсаткич: 433,7 млрд вон (385,5 млн доллар)ни ташкил этган, йиллик ҳисобда 49 фоизлик ўсишга эришилган. Бунга юқори тоифадаги уй-рўзғор электроникасига талабнинг ошаётгани асос бўлган. 

LG Electronics компаниясининг телевизорлар ишлаб чиқариш шахобчаси ҳам рекорд даражада фойда кўрган. У 356,7 млрд вон (317,1 млн доллар)ни ташкил этган. 

Компаниянинг 5 чоракдан бери зарардан чиқа олмаётган мобиль қурилмалар бизнеси апрель–июнь ойларида 153,5 млрд вон (136,5 млн доллар) миқдоридаги даромаддан маҳрум бўлган. Бунга LG G5 телефонига талабнинг камлиги асос бўлмоқда. Улардан неча дона сотилганига ойдинлик киритмаган компания, чорак мобайнида жами 13,9 млн дона смартфон қурилмаси етказиб берилганини маълум қилган.