Истанбул суди Туркиядаги ҳарбий тўнтарувга алоқадорликда гумон қилиниб, қўлга олинган 758 нафар ҳарбийни озод қилиш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу ҳақида Anadolu агентлиги хабар берди. 

Қўлга олинганларни озод қилиш тўғрисидаги қарор улар берган кўрсатмалардан кейин прокуратура таклифига биноан қабул қилинган. Суд жами 989 нафар ҳарбийнинг ишини кўриб чиққан, улардан 231 нафари панжара ортида қолган. 

16 июлга ўтар кечаси Туркияда исёнчи гуруҳлар ҳарбий тўнтарув ҳаракатини амалга оширишган. Асосий тўқнашувлар Анқара ва Истанбул шаҳарларида бўлиб ўтган. Сўнгги маълумотларга кўра, бунинг натижасида 246 нафар турк фуқароси ҳалок бўлган (исёнчиларни ҳисобга олмаганда), 2 мингдан ортиқ киши жароҳат олган.