“Дўрмон” ижод уйида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг 2016 йилнинг биринчи ярмида амалга оширган ишлари ва келгуси режаларига бағишланган йиғилиш ўтказилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

2016 йилнинг иш режасига мувофиқ, уюшма томонидан Тошкентда яшаб ижод қилаётган таниқли адиблар вилоятларга ижодий сафарларга юборилди. Улар жойларда олиб борилаётган улкан бунёдкорлик ишлари, юртдошларимизнинг турмуш тарзи, ободлик, фаровонлик йўлидаги интилишлари билан яқиндан танишди. Таассуротлари асосида матбуот саҳифаларида “Ёзувчилар уюшмаси йўлланмаси билан” рукнида публицистик мақолалар чоп эттирди. 

Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 575 йиллиги мамлакатимизда кенг нишонланди. Юбилей муносабати билан Навоий асарлари жаҳоннинг яна ўн тўрт тилига таржима қилинди. Ўзбек шоирларининг улуғ алломага бағишланган асарларидан иборат “Ҳазрат Навоийга эҳтиром” китоби, Ойбекнинг “Навоий” романининг инглиз тилидаги таржимаси нашриётга топширилди. 

Уюшма аъзолари Германиянинг Берлин шаҳрида ўтказилган Алишер Навоий таваллудининг 575 йиллигига бағишланган халқаро илмий конференцияда иштирок этди. Берлин давлат кутубхонасига улуғ алломанинг 10 жилдлик асарлари мажмуаси совға қилинди.
 
Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 533 йиллиги муносабати билан турли таълим даргоҳлари, ҳарбий қисмлар, корхона ва ташкилотлар, маҳаллаларда “Бобур асарлари – бебаҳо маънавий мерос” мавзуида ижодий учрашувлар ўтказилди. 

Ўзбекистон мустақиллигининг 25 йиллигига бағишланган “Минг бир ибратли ҳаёт” китоби, истеъдодли ёш ижодкорлар асарлари жамланган “Биз – истиқлол фарзандларимиз” номли ёшлар баёзи нашрдан чиқди. “Биринчи китобим” лойиҳаси доирасида 11 истеъдодли ёш ижодкорнинг илк китоблари чоп этилди. Бу китоблар мамлакатимиздаги таълим муассасаларига, қатор ташкилотларга совға сифатида етказилди. “Баҳор булбулларининг чаҳ-чаҳи” ёш таржимонлар баёзи ҳам нашрдан чиқди. 

Ёшлар билан ишлаш бўлими қошида “Ёшлик” ижодкор ёшлар клуби тузилди. Клуб аъзолари Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда ижодий сафарларда бўлди. Ана шу ижодий сафарлар асосида нашрга тайёрланган “Сени яхши кўрамиз, Ўзбекистон” бадиий-публицистик мақолалар тўпламида истиқлол ҳақида ёшларнинг нуқтаи назари, фикр-мулоҳазалари ўз ифодасини топган.